Шунингдек, энди қотиллик, талончилик, босқинчилик ёки гиёҳванд моддалар савдоси учун жазо муддатини ўтаганларни ҳам урушга жўнатиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганликда айбланган, «террорчилик» ва «экстремистик» моддалар билан судланган шахсларни сафарбарликка чақириш тақиқланади.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг оғир жиноятлари тоифасига беш йилдан ортиқ қамоқ жазоси берилиши мумкин бўлган жиноятлар киради. «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда оғир жиноятлар санаб ўтилмаган, балки Жиноят кодексининг сафарбар қилиш мумкин бўлмаган моддалари кўрсатилган.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин узоқ вақтдан бери маҳбусларни Украинага урушга боришга ундаб келмоқда. Путин имзолаган тузатишлар улар ҳақида эмас, балки аввал оғир жиноят учун судланган, аммо жазони ўтаб, ҳозирда озодликка чиққанлар ҳақида.
Шартли жазоланган ёки колониялардан озод қилинганлар сони юз минглаб бўлиши мумкин. Уларнинг барчаси судланганлик олиб ташламагунча, саккиз йилдан ўн йилгача назоратда бўлиши, вақти-вақти билан рўйхатдан ўтиши, яшаш жойини тарк этмаслиги ва турли чекловларга риоя қилиши шарт.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, сафарбарлик бошлангандан буён ҳарбий қўмиталар оғир жиноятлар учун судланган шахсларни сафарбар қилган, яъни тақиқни бузган. Аммо энди бу тақиқ олиб ташланмоқда.
Путин имзолаган қонунда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 28 та моддаси санаб ўтилади, улар бўйича судланганлик ёки ўталмаган жазонинг бўлиши сафарбарликка тўсқинлик қилади. Бироқ, агар қонун кучга кирса, оғир моддаларнинг аксарияти сафарбарлик чақирувига монелик қилмайди.
Кимлар урушга жўнатилмайдиган бўлди?
Қонунга кўра, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлиги учун олиб ташланмаган ёки жазоси ўталмаган судланганлиги бўлган фуқаролар сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматга чақирилмайди. Россия қонунлари вояга етмаганларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилишни тақиқлаши ҳисобга олинса, чеклов ҳарбийларнинг тинч аҳолига нисбатан хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар бўлимида болаларга дахлдор бўлган фақат битта модда бор – 16 ёшга тўлмаган шахслар билан ихтиёрий жинсий ҳаракатлар тўғрисида. Яна тўрттаси – зўрлаш, шаҳвоний хусусиятдаги зўравонлик ҳаракатлари, уларни қилишга мажбурлаш ва беҳаё хатти-ҳаракатлар – бу моддалар ҳар қандай ёшдаги жабрланувчиларга тегишли. Украина расмийлари россиялик ҳарбийларни зўрлашда айблаган эди. Аммо Давлат думаси жинсий жиноятларда айбдор деб топилганларни сафарбар қилишга қўйилган тақиқни сақлаб қолмади.













