Жаҳон | 07:35 / 07.11.2022
9535
2 дақиқада ўқилади

ЕИ: Украинанинг иттифоққа киришига тайёргарлик учун йиллар керак бўлади

Кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссарига кўра, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги билан боғлиқ музокараларни бошлаш тақвимини келишиб олишнинг иложи йўқ.

Фото: Getty Images

Еврокомиссия Украинанинг яқин келажакда Европа Иттифоқига қўшилишини кутмайди. «Европа Иттифоқининг ички бозорида ва бошқа кўплаб муҳим сиёсат соҳаларида иштирок этишга тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган кенг кўламли ишларни ҳисобга олсак, қўшилиш учун тўлиқ тайёргарлик бир ёки икки йилдан кўпроқ вақтни олади», деди кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссари Оливер Вархейи Германиянинг Die Welt газетасига 6 ноябрь, якшанба куни берган интервьюсида.

Вархейи жорий йилнинг июнь ойида ЕИ аъзолигига номзод мақомини олган Украинанинг ислоҳотларни тезда олға силжиш истагини қайд этди. У бундай истакни ижобий деб атади, лекин «еттита ислоҳотнинг ҳаммасини ҳам тез амалга ошириб бўлмайди», деб қўшимча қилди. Ҳозирча, Европа комиссарининг сўзларига кўра, ҳатто Украинани қабул қилиш бўйича музокараларни бошлаш жадвалини келишиб бўлмаяпти.

Шу билан бирга, Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина нашрга мамлакат Европа Иттифоқига кириш жараёнини 2024 йил охиригача якунлашга «қатъий ниятда» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Киев «ўз вазифасини бажармоқда» ва аллақачон кўплаб ислоҳотларни амалга оширган, масалан, коррупцияга қарши кураш ва адолат соҳасида.

Стефанишина, шунингдек, Болтиқбўйи давлатлари ва Украинанинг блокка тезлаштирилган қўшилишини қўллаб-қувватловчи бошқа яқин иттифоқчиларнинг фикрига ишора қилади. Вархейи, ўз навбатида, бошқа барча номзодларга нисбатан худди шундай мезонлар Украинага нисбатан қўлланиши кераклигини таъкидлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид