Жаҳон | 16:34 / 08.11.2022
17211
2 дақиқада ўқилади

«Биз аралашганмиз, аралашяпмиз ва аралашамиз» - Пригожин АҚШ сайловлари ҳақида

Фото: AP

«Биз Америка сайловларига аралашганмиз, аралашяпмиз ва аралашамиз», деди «Путиннинг ошпази»га қарашли матбуот хизмати Russia News портали таҳририяти сўровига жавобан.

Россия президенти Владимир Путинга яқин тадбиркор ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожин АҚШдаги сайловларга аралашганини расман тан олди. «Биз аралашганмиз, аралашяпмиз ва аралашамиз. Тўғри, аниқ, жарроҳлик йўли билан ва ўзимиз билганимиздек. Аниқ операцияларимиз давомида бир вақтнинг ўзида иккала буйракни ҳам, жигарни ҳам олиб ташлаймиз», дейилади унинг «Конкорд» компанияси матбуот хизмати томонидан  7 ноябрь, душанба куни эълон қилинган хабарда. 

Шу тариқа, мустақил оммавий ахборот воситаларида тез-тез «Путиннинг ошпази» деб аталадиган тадбиркор Russia News порталининг Россия 8 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ Конгресси сайловларига аралашиш ниятида экани ва бу Евгений Пригожиннинг ўзи билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар юзасидан сўровига жавоб берди. Шу билан бирга, Пригожин унинг жавобида «маълум бир ноаниқлик» бўлишидан огоҳлантирди.

АҚШ расмийлари Россияни 2016 йилда бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринишда бир неча бор айблаган. 2019 йил баҳорида АҚШнинг махсус прокурори Роберт Мюллер томонидан Россиянинг сайловларга аралашуви бўйича тергов якунланди. Махсус прокурор Россия вакилларининг сайловолди пойгасига аралашишга уринишларини фош қилди, бироқ овоз беришдан кейин давлат раҳбари бўлган Доналд Трампнинг сайловолди штаби Россия расмийлари билан тил бириктирганини исботлай олмади. 

2020 йилги сайловлардан сўнг Америка томони яна Россияни Трамп фойдасига овоз бериш натижасига таъсир ўтказишга уринганликда айблади. Москва ҳозирча сайловга аралашиш ҳақидаги ҳар қандай айбловларни рад этиб, уларни асоссиз деб атаётганди. 

Мавзуга оид