Хусусан, Эроннинг жавоб таклифларидан бир неча соат ўтгача Трамп ижтимоий тармоқдаги пости бу таклифни рад этиб қўя қолди.

«Бу менга ёқмаяпти — МУТЛАҚО ҚАБУЛ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ», деб ёзди Трамп батафсил маълумот бермасдан. АҚШнинг ўзи кўпроқ баҳсли масалалар, жумладан, Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни бошлашдан олдин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қилганди.

Трамп якшанба куни Эронга қарши ҳарбий амалиётлар якунлангани ҳақидаги саволга «Улар мағлуб этилди, аммо бу уларнинг иши битди дегани эмас», дея жавоб берди.

Эроннинг жавоблари қандай эди?

АҚШ музокараларни қайта бошлаш умидида таклиф илгари сурганидан бир неча кун ўтиб – якшанба куни Эрон ўз жавобларини эълон қилганди. Reuters’нинг ёзишича, унда урушни барча фронтларда, айниқса Ливанда давом этаётган Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги жангларни тўхтатиш назарда тутилганди.

Теҳрон, шунингдек, уруш зарарлари учун товон пули талаб қилган ва Ҳўрмуз бўғози устидан Эрон суверенитетини таъкидлаган. «Tasnim» ахборот агентлигига кўра, Эрон АҚШни денгиз блокадасини тўхтатишга, келгусида ҳужум қилмасликка кафолат беришга, санкцияларни бекор қилишга ва Эрон нефтини сотишга қўйилган тақиқни олиб ташлашга чақирган. Юқоридаги пост орқали АҚШ етакчиси бу таклифларни рад қилди.

Ҳарбий ҳаракатлар

Дипломатик уринишларга қарамай, сўнгги кунларда бўғоз атрофида йирик тўқнашувлар кузатилди. Якшанба куни Бирлашган Араб Амирликлари Эрондан келаётган иккита дронни уриб туширганини маълум қилди. Қатар эса ўз сувларида Абу-Дабидан келаётган юк кемасига берилган дрон зарбасини қоралади. Қувайт ҳаво мудофаа тизимлари ўз ҳаво ҳудудига кирган душман дронларига қарши ҳаракат қилганини билдирди.

Ливан жанубида ҳам Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги тўқнашувлар, АҚШ воситачилигидаги сулҳга қарамай давом этмоқда