Жаҳон | 13:12 / 08.11.2022
8598
3 дақиқада ўқилади

Германия иқлим ўзгаришидан етказилган зарар учун 170 млн евро ажратади

Қазиб олинувчи энергия манбалари учун ҳеч қандай уйғониш даври бўлмаслиги керак, деди Шольц Шарм аш-Шайхдаги иқлим ўзгариши бўйича конференцияда.

Фото: Reuters

Германия ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгариши оқибатларидан халос бўлиш учун 170 миллион евро ажратади. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц 7 ноябрь, душанба оқшомида Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси пленуми олдидан маълум қилди

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иқлим ўзгаришининг сайёрадаги салбий оқибатлари ҳақида гапирар экан, конференцияда иштирок этаётган 190 дан ортиқ давлатни «ё бирдамлик пакти ёки ўз жонига қасд қилиш шартномаси» тузиши кераклигидан огоҳлантирган эди. 

Олаф Шольц айтган 170 миллион евро иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлардан ҳимоя қилувчи глобал соябон – Global Shield’ни молиялаштириш учун ишлатилиши керак. Уни яратиш ташаббуси Германия томонидан жорий йилда G7’га раислик қилган пайтда бошланган эди. 

Шарм аш-Шайхдаги конференцияда иқлим ўзгариши оқибатларининг олдини олиш ва зарарни бартараф этиш бўйича баҳсли масала биринчи марта алоҳида кун тартибига қўйилди. 

Жаҳон иқтисодиётининг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, Шольц «Россиянинг Украинага қарши шафқатсиз уруши» бу қадам хавфсизлик сиёсати нуқтайи назаридан ҳам зарурлигини бутун дунёга намойиш этганини таъкидлади. «Дунёда қазилма энергия манбалари учун уйғониш даври бўлмаслиги керак», деб огоҳлантирди Германия канцлери. 

Аввалроқ унинг кабинети иқлим ҳимоячиларининг танқидига учраган эди, чунки у кўмирда ишлайдиган электр станцияларидан фойдаланишга қайтишга ва газ етказиб бериш бўйича янги шартномалар имзолашга қарор қилган. 

Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Гутерриш, шунингдек, сайёрадаги иқлим ўзгариши ривожланаётган мамлакатларга етказаётган зарари масаласини яширмасликка чақирди. Уни камайтириш чораси сифатида БМТ 7 ноябрь куни табиий офатлардан эрта огоҳлантириш тизимини яратиш бўйича ҳаракатлар режасини тақдим этди, унинг маблағи 3,1 миллиард долларни ташкил қилиши керак.

Бундан ташқари, 25 давлат Шарм аш-Шайхда қурғоқчилик оқибатларига қарши курашда иттифоқ тузган. 

Ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгариши оқибатларини енгишга ёрдам бериш учун Шольцнинг 170 миллион евролик ваъдасини шарҳлар экан, Brot für die Welt хайрия ташкилотининг иқлим бўйича эксперти Забине Миннингер буни «глобал жанубдаги энг қашшоқ одамларга оғир об-ҳаводан кейин яна оёққа туришда ёрдам беришга қаратилган муҳим чора» деб атади. Аммо муаммо кўламини ҳисобга олсак, бу чора етарли эмас, дея қўшимча қилди у. 

Шу билан бирга, Германия ҳукумати 2025 йилга бориб ўрмонларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро курашга қўшган ҳиссасини икки баравар оширишга ваъда берди – бир миллиарддан икки миллиард еврогача. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид