Жаҳон | 13:22 / 08.11.2022
11716
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон энергия таъминоти бўйича келишув имзолади

Европа комиссияси раҳбари фон дер Ляйен ва Қозоғистон бош вазири Смаилов COP27’да энергия ва хомашё етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Фото: EC

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон энергия ва хомашё таъминоти соҳасида қўшма ишларни кенгайтирмоқда. Тегишли келишувни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Қозоғистон бош вазири Алихан Смоилов 7 ноябрь, душанба куни БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 27-конференцияси доирасида имзоладилар, деб хабар бермоқда Еврокомиссия матбуот хизмати. 

Қайд этилишича, мазкур келишувдан кўзланган мақсад хомашёнинг айрим турларини етказиб беришни таъминлаш ва атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда водород ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича қувватлар занжирларини ривожлантиришдан иборат. 

Келгуси олти ой ичида Қозоғистон билан Европа Иттифоқининг қўшма лойиҳалари, масалан, тоғ-кон саноати ва нефтни қайта ишлаш жараёнлари бўйича ишлаб чиқилиши кутилмоқда. 

Ўз навбатида Германия ҳам Қозоғистон билан ҳамкорликни янада яқинлаштириш истагини билдирди. 

Европа Иттифоқининг таъминот занжирларига, хусусан, Хитойга таяниши, айниқса, коронавирус пандемияси даврида яққол намоён бўлди. Шу билан бирга, Россиянинг Украинага қарши уруши кўплаб Европа Иттифоқи давлатларининг Россиядан энергияга боғлиқлигини кўрсатди. Бугун Европа Иттифоқи янги иқтисодий шериклар топишга ҳаракат қилмоқда. 

Фон дер Ляйеннинг RTL ва ntv телеканалларига берган интервьюсида айтишича, у Шарм-аш-Шайхдаги иқлим конференцияси доирасида Намибия ва Миср билан «яшил» водород ишлаб чиқариш бўйича келишувларни ҳам имзолаш ниятида. 

Аввалроқ Еврокомиссия Сенегал, Вьетнам, Ҳиндистон ва Индонезия каби давлатлар билан ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид