Жаҳон | 13:05 / 09.11.2022
9769
4 дақиқада ўқилади

Венгрия, Дания ва Чехия Украинадан келган қурол изларини топмади

Венгрия, Дания ва Чехияда полиция, уларнинг матбуот хизматларига кўра, жиноий гуруҳлардан Украинага мўлжалланган қуролларни топмаган.

Фото: Picture Alliance

Европа Иттифоқининг учта давлати – Дания, Чехия ва Венгрия полицияси ўз давлатлари ҳудудида Украинадан олиб келинган қурол-яроғ излари қайд этилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда 9 ноябрь, чоршанба куни эрталаб бўлимларга тегишли сўровлар юборган РБК онлайн-нашри хабар берди.

Дания полициясининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоқа бўлими бошлиғи Пиа Брюггернинг сўзларига кўра, Украинадан олиб келинган қуроллар мамлакатда «рўйхатга олинмаган».

Венгрия миллий полицияси, шунингдек, «бу мамлакатдаги жиноий гуруҳлардан дастлаб Украина учун мўлжалланган бирорта ҳам қурол олиб қўйилмаганини» ва Украинадаги ҳарбий можаро хавфсизликнинг умумий даражасига салбий таъсир кўрсатмаганини таъкидлади.

Чехия полициясининг коммуникация ва ташқи алоқалар бўлимида Украинага мўлжалланган қурол контрабандаси эҳтимоли ҳақидаги хабарлар «дезинформация» деб топилди.

Германия Федерал жиноий полиция бошқармаси ҳам Украинадан қурол-яроғ контрабандаси эҳтимоли ҳақидаги хабарларни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб атади. Шу билан бирга, полиция финландиялик ҳамкасбларининг 1 ноябрдаги пресс-релизига таяниб, ҳуқуқ-тартибот идораларида Ғарб томонидан Киевга узатилган қуроллар Финландия уюшган жиноий гуруҳлари қўлига тушгани ҳақидаги хабарларга ҳеч қандай тасдиқ йўқлигини кўрсатди.

Аввалроқ, 30 октябр куни Финландия Марказий жиноий полицияси жиноят қидирув департаменти комиссари Кристер Аҳлгрен Yle давлат медиакомпаниясига берган интервьюсида Украинага Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун юборилган қурол-яроғлар Финландия жиноий гуруҳларининг қўлига, хусусан, халқаро байкерлар клуби даражасидаги ёрдам билан тушган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Унга кўра, Украина учун мўлжалланган қуроллар Швеция, Дания ва Нидерландияда ҳам топилган.

Бироқ, 1 ноябрь куни Финландия полицияси Аҳлгреннинг даъволарини амалда рад этди. «Мутахассисимиз берган интервьюга асосланиб, қурол Финландияга олиб кетилган деган таассурот пайдо бўлиши мумкин. Бироқ, бундай ҳодисага далил йўқ. Бизнинг мақсадимиз Финландияда жиноятчилар фаолият юритиши мумкинлигини таъкидлаш эди. Улар низо ҳудудларидан қурол олишга ҳаракат қилмоқда», дейилади полиция бошлиғи ўринбосари Маркус Вялимяки баёнотида.

Июль ойида Германиянинг SWR оммавий ҳуқуқ медиакомпанияси Европа Иттифоқи полиция хизмати (Европол) томонидан Европа Иттифоқи Кенгашига юборилган махфий ҳисоботи ҳақида хабар бериб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украинани ўқотар қуроллар билан тарк этишга уриниш ҳолатларидан хабардор эканликларини кўрсатган эди. Полиция хизмати, шунингдек, ушбу ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, Украинанинг Европа Иттифоқи билан чегарасида контрабандани ташкил қилиш учун махфий жойлар ташкил этилганини тахмин қилмоқда.

Европол матбуот котиби Ян Оп Ген Оорт dpa ахборот агентлигига ўша пайтда Украинадан ўқотар қурол ва бошқа ҳарбий товарларнинг ноқонуний савдоси ҳолатлари қорабозорда қайд этилганини айтди. Айрим Европа Иттифоқи давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари оғир қуроллар савдосини истисно қилмаяпти. «У уюшган жиноий гуруҳлар ёки террорчилар қўлига тушиб қолиш хавфи бор», — деди Европол вакили.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид