12:32 / 11.11.2022
11391

Самарқандда Туркий ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди

11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизация янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тинчлик ва дўстлик рамзи, фан ва маърифат маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун саммит иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

– Қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.

Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

– Мамлакатларимиз ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди, - дея таъкидлади президент.

Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу мақсадга эришиш учун давлат раҳбари ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди.  Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.  Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари” қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала – бу транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш. – Биз Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапиряпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак, - деди Ўзбекистон президенти.

Транспорт вазирлари асосий эътиборни минтақамиздаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратган ҳолда йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқиши таклиф этилди.

Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳият борлигини яққол кўрсатгани таъкидланди. – Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор, - деди Ўзбекистон раҳбари.

Шу мақсадда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан кенг қамровли шерикликни ўрнатиш, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “ақлли” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ўтказиш лозим.

Президент ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади. Келгуси йили Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш таклиф этилди. Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, ташкилот оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган. – Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида ташкилот бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлар эди, - дея таклиф билдирди мамлакат етакчиси.

Яна бир устувор йўналиш – минтақада хавфсизликни ишончли таъминлаш. Терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларимиз доимий алоқада бўлиши ҳамда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

– Эътиборингизни яна бир долзарб масалага қаратмоқчиман. Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини янада ошириш ва ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишлатиш мақсадида бу тузилмада институционал ислоҳотлар ўтказишни таклиф этди. Устувор йўналишлар бўлган сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузиш таклифи билдирилди.

– Уларнинг фаолиятига эксперт ва олимларни, жамоатчилик ва хусусий сектор вакиллари фаол жалб этилиши катта самара бериши шубҳасиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш натижалари бўйича ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Мавзу
Самарқандда Туркий давлатлар саммити
11 ноябр куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ташкиллаштирилди.
Барчаси
Top