Ўзбекистон | 14:33 / 11.11.2022
16717
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Шимолий Кипр масаласидаги саволга жавоб берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг айтишича, Туркий давлатлар ташкилоти саммити якуни бўйича Шимолий Кипр борасида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Туркия президенти Шимолий Кипрни Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қабул қилиш таклифини илгари сурганди.

«Саммит якунлари бўйича Шимолий Кипр бўйича ҳеч қандай ҳужжат имзолангани йўқ. Ўзбекистон халқаро нормаларга асосланган ҳолда ҳар бир давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Шундай экан, Шимолий-Кипрни Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қабул қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Унутмаслик лозимки, Шимолий Кипр Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро бирлашмаларда кузатувчи давлат ҳисобланади. Бундан ташқари, Шимолий Кипр 30 йилдан буён Турк маданияти халқаро ташкилотида кузатувчи сифатида қатнашади. Ва бу борада ҳозир ҳеч ким савол бераётгани йўқ.

Кипр турклари ўз қардошлари билан яқинроқ алоқада бўлишни исташи табиий ҳол. Аммо бу масалалар Ташкилот ва аъзо давлатларнинг қонунчилиги билангина тартибга солинади», деди Норов.

Маълумот учун, Кипр давлати шимолидаги турклар ўз давлатини тузиб уни Шимолий Кипр Турк Республикаси деб атаган. Халқаро ҳамжамиятга фақат Туркия Шимолий Кипрни давлат сифатида тан олади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид