Жаҳон | 08:06 / 12.11.2022
8848
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинанинг киберхавфсизлиги учун 1 миллиард евро ажратади

Берлин Украинани қўллаб-қувватлаш, уни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун 2023 йил учун бюджетдан қўшимча 1 миллиард евро ажратади.

Фото: Flickr / Dennis Skley

Германия ҳукумати Украинани қўллаб-қувватлаш учун 2023 йил бюджетидан қўшимча 1 миллиард евро ажратади. Маблағлар, хусусан, Россиянинг киберҳужумларидан ҳимояланиш ва уруш жиноятлари билан боғлиқ далилларни тўплаш учун сарфланади. Бу ҳақда 11 ноябрь, жума куни Reuters агентлиги иқтибос келтирган қарорда айтилади.

Маблағларнинг бир қисми инсон ҳуқуқлари бузилиши ва уруш жиноятлари далилларини қайд этувчи мутахассислар гуруҳларига берилади. Улар Россия қўшинлари Украинанинг илгари босиб олинган ҳудудларидан олиб чиқиб кетилганидан кейин тегишли ҳужжатлаштириш ишларини ўтказади.

Қўшимча маблағлар минтақадаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Беларус, Россия ва Украинада журналистларни ҳимоя қилишга сарфланади.

Молиялаштириш Германиянинг Украинага ҳарбий ёрдамини ошириши кераклиги ҳақидаги баҳслар фонида амалга оширилмоқда. Маблағларни йўналтириш қарори «Союз-90/яшиллар» босими остида қабул қилинди.

«Украина бюджети бизнинг ёрдамимиз муҳим ва зарурий қурол-яроғ етказиб беришдан анча узоқ эканини аниқ кўрсатиб турибди», - деди «яшиллар» партиясидан депутат, Украина бўйича парламент гуруҳи раҳбари Робин Вагенер. «Биз Европа ва Украинада тинчлик ўрнатиш учун катта сармоя киритмоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.

Германия Украинанинг АҚШ ва Канададан кейин учинчи йирик ҳарбий доноридир.

Аввалроқ, 24 октябр куни Берлинда «Rebuild Ukraine» («Украинани тикланг») шиори остида ўтказилган 5-Германия-Украина бизнес-форуми якунларига кўра, Германия канцлери Олаф Шольц немис ишбилармон доираларига мурожаат қилиб: «Ким Украинани тиклаш учун сармоя киритса, у бизнинг ҳуқуқий маконимиз ва ички бозоримизнинг бир қисмига айланадиган бўлажак Европа Иттифоқи аъзоси бўлган мамлакатга сармоя киритади», деди.

Берлинга келган Украина бош вазири Денис Шмигал ўз мамлакатининг тикланиши Европа Иттифоқи иқтисодиётига туртки, унинг ривожланиши учун катализатор бўлишига ишонч билдирди. Унинг ишонтиришича, Киев ҳукумати хусусий ташаббусни рағбатлантириш, бизнесни тартибга солишни бекор қилиш ва давлатнинг бизнес ҳаётидаги ролини пасайтириш йўлидан борди.

Келгуси ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари қаторида у мудофаа саноати, энергетика (айниқса, газ секторига эътибор қаратган ҳолда), IT-саноати ва рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, Green Deal номини олган Европа «яшил» курси доирасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни қайд этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид