Жаҳон | 19:20 / 13.11.2022
39573
2 дақиқада ўқилади

Истанбул марказида портлаш: қурбонлар бор

Шаҳарнинг гавжум кўчаларидан бирида террорчи портловчи қурилмани ҳаракатга келтиргани айтилмоқда. Теракт оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланди.

Фото: CNN Turk

Туркиянинг Истанбул шаҳрида сайёҳлар орасида машҳур бўлган Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди.

Воқеа жойида олинган видеоларда ерда ётган одамлар акс этган.

Истанбул губернатори Али Ерлиқоя Истиқлол кўчасидаги портлаш оқибатида қурбонлар борлигини маълум қилди. У тафсилотларни келтирмаган.

«Бугун соат 16.20 атрофида Истиқлол кўчасида портлаш рўй берди. Воқеа жойига хавфсизлик хизматлари, шифокорлар, ўт ўчириш хизмати ва авария-қутқарув хизматлари йўлланган. Қурбонлар ва яраланганлар бор. Воқеалар ривожи жамоатчиликка маълум қилиб борилади», дея ёзган у.

Маҳаллий ОАВда дастлаб камида тўрт киши ҳалок бўлгани, 36 киши яралангани хабар қилинди. 

Кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қурбонлар сони 6 нафарлиги, 53 киши яраланганини маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, портловчи қурилмани худкуш террорчи ҳаракатга келтирган. Истанбул прокуратураси ҳодисани террорчилик акти сифатида баҳолади.

«Олинган маълумотларга кўра, гап теракт ҳақида кетмоқда, бу худкуш террорчи бўлиши мумкин; шунингдек портловчи қурилмалар ўрнатилган сумка ҳақида айтишмоқда», дея хабар беради CNN Turk мухбири Фуля Ўзтурк.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеоларда портлаш вақтида кўча одамлар билан гавжум бўлганини кўриш мумкин.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳодиса юзасидан муносабат билдири, ҳозирга қадар ҳодиса оқибатида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжудлиги ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилди.

Мавзуга оид