Ўзбекистон | 12:00 / 14.11.2022
11837
6 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов: Эндиги вазифа таълимда сифатга эришиш

Ёдингизда бўлса, вазир А.Тошқулов янги ўқув йили олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони қарийб 3 баробарга ошгани, эндиги асосий вазифа уларда таълим сифатини таъминлаш эканини таъкидлаган эди. Куни кеча республиканинг етакчи 8 та олий таълим муассасаси нуфузли халқаро рейтинглардан муносиб ўрин эгаллаши таълим сифатидаги ўзгаришларнинг амалий исботи бўлди.

Шундан роппа-роса 2 ой ўтиб, республиканинг етакчи 8 та олий таълим муассасаси ТОП-1000 талик рўйхатдан муносиб ўрин эгаллади. Бу эса таълим сифатидаги ўзгаришларнинг амалий исботидир.

Бугунги кунда олий таълим муассасаси сифатини ошириш, халқаро майдонда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, жаҳоннинг ТОП-университетлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши сўзсиз халқаро рейтинглардаги фаол иштироки билан бевосита боғлиқ.

Мамлакатимиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган агентликлар, яъни Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 60-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 47-мақсадида ҳам 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва TНE халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш кўзда тутилган.

Ушбу вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажариш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Охирги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини бугун олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашида кўриш мумкин. Хусусан, 8 ноябрь куни QS Asia University Rankings-2023 (Осиё университетлар рейтинги) рейтинг натижалари эълон қилинди. Ушбу рейтинг дунё бўйича Шарқий, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё давлатлари университетларини академик мавқе, иш берувчилар орасидаги кўрсаткичи, факультетдаги талабалар нисбати, илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар, халқаро талабалар сони, халқаро хилма-хиллик ҳамда иқтибослик бўйича баҳолайди.  

Рейтингда 23 та давлатдан жами 760 та университет иштирок этиб, республикамизнинг 8 та олий таълим муассасаси улар орасидан муносиб ўрин эгаллади. Қувонарлиси, «ТИҚХММИТИ» Миллий тадқиқот университети ҳамда Ўзбекистон миллий университети кучли 500 талик университетлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, Times Higher Education ташкилотининг энг нуфузли «World University Rankings», яъни Жаҳон университетлар рейтинги ёки халқ тили билан айтганда, ТОП-1000 университетлар рейтингида ҳам республикамиз ОТМ ўз ўринларини яхшилаб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан, 2021 йилда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан 10 таси ушбу рейтингга номзод сифатида кўрилган бўлса, 2022 йилда ушбу рўйхат деярли 3 баробарга ошиб, 28 тани ташкил этди. Бугунги кунда эса, мазкур рўйхатдаги бир нечта олий ўқув юртларини кучли мингталикка киритиш юзасидан тизимли ишлар давом этмоқда.

Бундан ташқари, Буюк Британиянинг энг нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларидан бири QS (Quacquarelli Symonds) билан яқиндан олиб борилаётган ишлар натижасида 2021 йилда ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтингида илк бор Ўзбекистоннинг 4 та олий таълим муассасаси, жоирий йилда эса QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан юритиладиган дунё университетларининг «Фан соҳалари» рейтингида («Subject Rankings») Ўзбекистон миллий университети «Математика» соҳасида эришган натижаси бўйича дунёнинг кучли 500 талик қаторидан (451-500 ўрин) ўрин эгаллади.

Ушбу ташкилот куни кеча “QS Stars” рейтинги натижаларини ҳам эълон қилди. Унга кўра эса, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб Тошкент давлат юридик университети 4 юлдузли олийгоҳ сифатида баҳоланди.

Шуни таъкидлаш лозимки, олий таълим муассасалари фақатгина QS ва THE ташкилотларининг рейтинглари билан чекланиб қолмасдан бошқа ташкилот рейтингларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мисол тариқасида, WURI яъни,«World’s Universities with Real Impact» халқаро рейтинги АҚШ, Осиё, Европа ва Африка давлатларининг энг нуфузли университетлари томонидан ташкил этилган глобал рейтинг бўлиб, у жаҳон университетларидаги энг сифатли ва фойдали бўлган илмий-инновацион лойиҳалар сони ҳамда уларнинг жамият ва олий таълим муассасаларига таъсирини баҳолаб берувчи ташкилот ҳисобланади.

WURI рейтинги университетларни 6 та йўналиш бўйича энг яхши инновацион лойиҳалар орқали баҳолайди. Булар саноат дастурлари, янги стартап дастурлари ва тадбиркорлик, ахлоқий қадриятлар, талабаларнинг ҳаракатчанлиги ва фаоллиги, инқирозни бошқариш ва тўртинчи саноат инқилобидир.

Ушбу рейтингнинг 2022 йил учун эълон қилинган натижаларига кўра, Fourth Industrial Revolution йўналиши бўйича Тошкент давлат юридик университети (33-ўрин) ва Ўзбекистон миллий университети (38-ўрин) ТОП-50 талик рўйхатга кирди.

Ушбу рейтинглардаги кўрсаткичларнинг аҳамияти шундаки, бу биринчидан, хорижий талаба ва профессор-ўқитувчиларни юртимиздаги олийгоҳларга кўпроқ жалб қилиш имконини берса, иккинчидан таълим муассасаларининг жаҳон таълим майдонида нуфузли университетлар билан рақобат олиб бориш имкониятини яратади.

Бу ва бошқа эришилаётган натижалар юқорида белгиланган асосий вазифага эришишда босилаётган ишончли қадамлар, десак муболаға бўлмайди.

Ишонамизки, яқин йиллар давомида бир нечта олий таълим муассасаларимиз жаҳон рейтингидан ҳам муносиб ўрин эгаллашга эришади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид