Жаҳон | 20:43 / 14.11.2022
5482
2 дақиқада ўқилади

Словенияда биринчи аёл президент сайланди 

Адвокат Наташа Пирц-Мусар Словениядаги сайловнинг иккинчи босқичида рақиби Анже Логарни 8 фоизга (54 фоизга қарши 46 фоиз) ортда қолдириб, биринчи аёл президент бўлди. 

Фото: Getty Images

54 ёшли Наташа Пирц-Мусар таниқли ҳуқуқшунос. Хусусан, у нафақат ўз она юрти Словенияда, балки АҚШ собиқ биринчи хоними Мелания Трамп манфаатларини ҳам муаллифлик ҳуқуқи бўйича ҳимоя қилган. 

Президент сўл марказий қарашларга эга. Унинг ғалабаси либераллар мавқейини мустаҳкамлайди, чунки аввалроқ парламент сайловларида сўл коалиция ғалаба қозонган эди. 

Словениянинг собиқ ташқи ишлар вазири ва консерватив блок вакили Анже Логар аллақачон мағлубиятини тан олди. Сиёсатчи Пирц-Мусар сайлов кампанияси давомида берган барча ваъдаларини бажаришига умид билдирди. 

«Биринчи вазифам барча словенияликлар ўртасида мулоқотни бошлаш бўлади», деди янги президент ўз жамоасининг ғалаба байрамида. 

Пирц-Мусар 2005 йилдан 2014 йилгача Словенияда ахборот комиссари лавозимида ишлаган. 2011 йил март ойидан бошлаб Европол Қўшма назорат органи вице-президенти, 2012 йилдан эса ушбу орган президенти бўлган. 

Сайловолди дастурида Пирц-Мусар соғлиқни сақлаш ва пенсия тизимида ислоҳотлар ўтказишга, шунингдек, НАТО коллектив мудофаа дастурида иштирок этишга ваъда берди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид