16 июл куни Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд судялари Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галлантга чиқарилган ҳибсга олиш ордерларини бекор қилиш ҳақидаги Исроилнинг сўровини рад этди.
Reuters нашрининг суд қарорига таяниб ёзишича, суд Исроилнинг Фаластин ҳудудларида содир этилган эҳтимолий жиноятлар бўйича кенгроқ терговни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабини ҳам рад этди.
Халқаро жиноий суд 2023 йил 21 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва ҲАМАС етакчиси Иброҳим ал-Масрига (яъни Муҳаммад Дейф) нисбатан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар юзасидан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди.

2024 йил феврал ойида Муҳаммад Дейф ҳалок бўлгани ҳақидаги ишончли хабарлардан сўнг унга нисбатан ҳибсга олиш ордери бекор қилинган.
Айни вақтда Исроил Ҳаагадаги суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва Ғазодаги уруш жиноятлари, хусусан, геноцид содир этаётганини рад қилади. Шунингдек, расмий Тел-Авив Нетаняҳу ва Галлантга нисбатан чиқарилган ордерларга қарши даъво кўтарган.
«Исроил апелляция палатасининг апрел ойида чиқарилган қарорига таяниб ХЖС судининг юрисдикциясига эътироз билдирди ҳамда ордерларни асоссиз деб ҳисоблаяпти. Аммо судялар бу далилни нотўғри деб топди. Улар юрисдикция бўйича қарор ҳали чиқарилмагани боис ордерлар ўз кучида қолишини маълум қилди», дейилади хабарда.
Мазкур иш бўйича юрисдикция масаласида қачон қарор чиқиши номаълум.
Аввалроқ АҚШ ХЖС томонидан Нетаняҳуга ордер чиқарилгани ортидан Халқаро жиноий суднинг тўрт нафар судясига ҳамда ушбу суднинг прокурори Карим Хонга нисбатан санкциялар жорий қилганди.











