Жаҳон | 15:59 / 15.11.2022
6107
2 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолиси сони 8 миллиард кишига етди

Дунё аҳолисининг жадал ўсиши ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиши ва айрим ҳудудларда туғилишнинг юқорилиги билан боғлиқ, дея қайд этади БМТ. Аммо у келажакда секинлашиши тахмин қилинмоқда.

Фото: Shutterstock

15 ноябрь, сешанба куни Ер аҳолиси сони 8 миллиард кишига етди. Бу прогноз Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) сайтида эълон қилинган. Айни пайтда, Worldometer маълумот сайти ҳисоб-китобларига кўра, эрталабки вақтларда ушбу кўрсаткич 8 миллиардлик белгидан ўтган.

«Ушбу мисли кўрилмаган ўсиш соғлиқни сақлаш, овқатланиш, шахсий гигиена ва тиббиётнинг яхшиланиши ҳисобига ўртача умр кўриш давомийлигининг босқичма-босқич ортиши билан боғлиқ. Бу шунингдек, айрим мамлакатларда туғилишнинг юқори ва барқарор кўрсаткичлари натижасидир», - дея қайд этади БМТ. Ташкилот 15 йилдан кейин - 2037 йилга келиб сайёрада 9 миллиард одам яшайди, деб тахмин қилмоқда. Шундай қилиб, рақамларнинг ўсиш суръати бироз секинлашади: аҳоли атиги 12 йил ичида 7 миллиарддан 8 миллиардга ўсди. 

«Бу бизнинг хилма-хиллигимизни нишонлаш, умуминсоний қадриятларни эътироф этиш учун имкониятдир. Шу билан бирга, бу бизнинг сайёрамизга ғамхўрлик қилиш учун умумий масъулиятимизни эслатади», деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. 

Бирлашган миллатлар ташкилотининг тушунтиришича, энг юқори туғилиш даражаси, қоида тариқасида, аҳоли жон бошига энг паст даромадга эга бўлган давлатларда кузатилади. Ер юзидаги одамлар сони асосан Африка мамлакатлари ҳисобига ўсиб бормоқда, бу уларнинг сайёранинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига тўсқинлик қилиши мумкин. 

Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига энг юқори даромад ва истеъмол ҳажмига эга бўлган мамлакатлар аҳолиси кучли таъсир кўрсатади. Мутахассислар нафақат иқтисодиётдаги ўзгаришлар, балки Ер аҳолисининг ўсиш суръатининг пасайиши, агар у «кўп ўн йиллар давомида» давом этса, глобал исиш тезлигини чеклашга ёрдам беради, деган хулосага келяпти. 

Мавзуга оид