Европа Иттифоқи минглаб украиналик аскарларни тайёрлайди
Европа Иттифоқи Украина аскарларини тайёрлаш дастурини яратишга қарор қилди. У ноябрь ойи охиригача ишга тушиши керак.
Европа Иттифоқи Украина армияси учун EUMAM Европа Иттифоқининг махсус ўқув миссияси бошланганини эълон қилди. Бу қарор ЕИга аъзо давлатлар томонидан рекорд вақт ичида қабул қилинди, деди ЕИ бош дипломати Жозеп Боррел 14 ноябрь, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Камида 15 000 нафар украиналик ҳарбийни асосий тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланган миссия Полшада 2022 йил ноябрь ойи охиригача ўз ишини бошлайди, деди Боррел. Унинг таъкидлашича, кўплаб Европа Иттифоқи давлатлари унда иштирок этиш ниятида. Улар орасида, масалан, Руминия, Ирландия, Словакия бор, бу ҳақда ушбу мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги учрашув арафасида маълум қилди.
«Миссиянинг мақсади Украинага халқаро тан олинган чегаралар доирасида ўз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, суверенитетини самарали амалга ошириш ва ҳарбий ҳаракатларни самарали ўтказиш учун Украина Қуролли кучлари жанговар қобилиятини оширишга ҳисса қўшишдир», — дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида.
Миссия Украина Қуролли кучлари ва ҳудудий мудофаа кучларининг «индивидуал, жамоавий ва ихтисослаштирилган» тайёргарлиги, шунингдек, миссияни қўллаб-қувватловчи «аъзо давлатларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва синхронлаштириш» билан шуғулланади, деб хабар берди Европа Иттифоқи кенгаши.
Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш миссияси учинчи давлат учун Европа Иттифоқининг энг йирик ўқув миссияси бўлади, дея хабар бермоқда AFP европалик дипломатларга таяниб. Унинг ишининг дастлабки муддати икки йилга мўлжалланган, бу давр учун умумий харажатлар тахминий миқдори тахминан 106 миллион еврони ташкил қилади.
EUMAM Европа тинчлик фонди (EPF) томонидан молиялаштирилади. Тахминан 5,7 миллиард евролик бу жамғарма тўғридан тўғри Европа Иттифоқи давлатлари томонидан шакллантирилади. Шунингдек, ундан Европа Иттифоқининг Украина билан биргаликда қурол сотиб олиши учун тўланади.
Миссиянинг стратегик даражадаги мувофиқлаштириш бўйича оператив штаби Брюсселда жойлашади. Энг катта штаб-квартира Полшада, иккинчи йирик штаб-квартира Германияда ташкил этилади, деб ёзади AFP.
Украинанинг ўзи миссия яратишни сўраган - буни июль ойида ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Жозеп Боррелга йўллаган мактубида ёзган.
15 ноябрь куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Мудофаа вазирликлари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади, унда ЕИ ва унга аъзо мамлакатлардан Украинага янги ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳажми тўғрисида қарор қабул қилинади.
Мавзуга оид
18:24
Биринчи зарбада Брянсккача: Украина илк марта ATACMS баллистик ракетаси билан Россия ҳудудига зарба йўллади
18:21
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
15:05
Дума Украинада жанг қилаётганларнинг қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
13:31