«Дружба» қувури орқали Европага нефть етказиб бериш қисман тўхтатилди
Венгрия ва Словакиядаги «Дружба» қувурининг операторлари нефтни қуйиш тўхтатилганини эълон қилишди. Чехия ва Полшада етказиб беришда узилишлар йўқ.
15 ноябрь, сешанба куни «Дружба» қувури орқали Шарқий ва Марказий Европанинг айрим ҳудудларига нефть етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда қувурнинг Венгрия ва Словакия участкалари операторлари хабар берди.
Венгриянинг MOL ширкати Украина нефть қувурлари тизими операторининг тушунтиришларига ишора қилиб, «Россия артиллерияси Украинанинг Беларус билан чегараси яқинидаги "Дружба" нефть қувури насос станциясини электр энергияси билан таъминлайдиган трансформатор станциясини ўққа тутгани»ни билдирди. Бу, компания вакилининг сўзларига кўра, хомашёни олиш жараёнини тўхтатишга олиб келди.
Словакиянинг Transpetrol компанияси қувур орқали нефть етказиб бериш вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади ва буни «Украина томонининг техник сабаблари» билан изоҳлади, бироқ буни ракета ҳужуми билан боғламади. «Етказиб беришнинг тўхтатилиши сабаби ҳали Украина томонидан расман тасдиқланмаган», — дейилади Transpetrol баёнотида. Компаниянинг қўшимча қилишича, 16 ноябргача «Дружба»нинг ёпилиши сабаблари ҳақида кўпроқ маълумот олишни кутмоқда.
Шу билан бирга, MERO Чехия участкасининг оператори "Дружба" орқали нефть етказиб беришда ҳеч қандай узилишлар қайд этмади, деди компания вакили. Полшанинг PERN оператори таъкидлашича, қувурнинг Полша қисми орқали нефть етказиб бериш нормал режимда амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Украина Россиянинг «Транснефт» компаниясини кучланиш пасайганлиги сабабли Венгрия йўналиши бўйича «Дружба» орқали нефт беришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди, деб ёзмоқда ТАСС ва РИА «Новости» «Транснефт» вакилига таяниб.
«Дружба» нефть қувурининг тўхтатилиши муносабати билан Венгрия бош вазири Виктор Орбан 15 ноябрь куни кечқурун Мудофаа кенгашини чақирди. «Дружба» орқали нефть оқимининг тўхтатилиши ва Полша ҳудудига ракета ҳужумига жавобан бош вазир Виктор Орбан Мудофаа кенгашини чақирди», — деб ёзди ҳукумат матбуот котиби Золтан Ковач Twitter'да.
Мавзуга оид
21:17 / 18.12.2024
Reuters: ЕИ давлатлари Украинага 100 минг нафаргача тинчликпарвар кучларни юборишни муҳокама қилмоқда
09:50 / 18.12.2024
Европада кекса кишиларни алдаган фирибгарлар тармоғи фош этилди
08:15 / 14.12.2024
Тошкент 200-ўринда: хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
12:33 / 13.12.2024