Ўзбекистон | 07:32 / 16.11.2022
8395
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши ташкил этилади

“Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Сенат, Вазирлар Маҳкамаси, Оила қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Оила қўмитаси ҳузурида Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгашини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланади.

Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши таркиби тасдиқланади. Кенгаш асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • хорижда истиқомат қилаётган ватандош хотин-қизлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш;
  • ватандош хотин-қизлар яшаётган мамлакатлар қонунчилиги ва Ўзбекистон халқаро шартномаларига асосланган ҳолда улар ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига кўмаклашиш;
  • олим ва ижодкор ватандош хотин-қизлар Ўзбекистон нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;
  • ватандош хотин-қизларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш;
  • ватандош хотин-қизлар дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиш ва улар ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
  • хотин-қизлар жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси билан хотин-қизлар жамиятдаги ролини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш;
  • ватандош хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
  • мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандош хотин-қизларни белгиланган тартибда моддий, ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда Ўзбекистонга қайтаришга кўмаклашиш ҳақидаги тавсияларни Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига киритиш.

Белгиланишича:

  • Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади;
  • Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши аъзолари, қоида тариқасида, камида ярми хорижда истиқомат қилаётган хотин-қизлардан иборат бўлади;
  • Оила қўмитаси Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши ишчи органи ҳисобланади;
  • Ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгашини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари Оила ва хотин-қизлар давлат мақсадли жамғармасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ва жамғарма йиллик даромадлари доирасида амалга оширилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид