23:53 / 16.11.2022
22805

Тошкент халқаро аэропорти энг «стрессли» аэропортлар рўйхатига киритилди 

Дунёдаги стресс даражаси энг юқори бўлган аэропортлар орасида Буюк Британия, Греция ва Франция ҳаво портлари «етакчилик» қилмоқда. Рўйхатда Тошкент халқаро аэропорти ҳам бор. 

Фото: regnum.ru

Hawaiian Islands ахборот портали дунёдаги стресс даражаси энг юқори бўлган аэропортлар рейтингини тузди. 

Рейтингда Британиянинг Манчестер шаҳри аэропорти биринчи ўринни эгаллади – интернетда ушбу маскан ҳақидаги шарҳларнинг қарийб 82,5 фоизида салбий маълумотлар ёки шикоятлар бор. Йўловчилар шарҳларда «шармандалик», «етишмаслик», «навбатда туриш» ва «фарс» сўзларини энг кўп ишлатишган. 

Стресс даражаси юқори бўлган иккинчи аэропорт Грециянинг Ираклион шаҳридаги «Никос Казандзакис» ҳаво порти (82,12 фоиз) бўлди, учинчи ўринда Англия пойтахти Лондон шаҳридаги Станстед ҳаво порти (77,5 фоиз). Улардан кейинги ўринларни Канаданинг Торонто, Франциянинг Бордо, Англиянинг Лутон ва Бристол, Германиянинг Берлин, Белгиянинг Брюссел аэропортлари эгаллаган. 

Hawaiian Islands ахборот портали рейтингига кўра, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё ҳудуди бўйича энг стрессли аэропорт – Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сабиҳе Гўкчан аэропорти (62,65 фоиз) ҳисобланади. Исроилнинг Бен Гурион аэропорти (53,58 фоиз) иккинчи, Туркиянинг Анталия аэропорти (53,04 фоиз) учинчи ўринда қайд этилган. 

Шунингдек, рўйхатда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳам бўлиб, 46,02 фоиз кўрсаткич билан 7-ўринда қайд этилган. 

Рейтингда Қозоғистоннинг Олмаота аэропорти (46,84 фоиз) бешинчи, Чимкент аэропорти (40,03 фоиз) ўн тўртинчи, Астана аэропорти (35,96) йигирманчи, Қирғизистоннинг Манас аэропорти (37,48 фоиз) ўн олтинчи ўринга лойиқ кўрилган. 

Рейтингни тузишда тадқиқотчилар дунёнинг 500 дан ортиқ аэропортлари бўйича Google платформасида қолдирилган 1500 дан ортиқ шарҳларни ўрганиб чиқишган. Аэропортлар норозиликлар частотаси ва шикоятлари сонига қараб тартибланган.

Top