Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нега Франция “Бешинчи республика” деб аталади?
Нафақат Европа, балки дунёнинг энг қудратли ва ривожланган давлатларидан бири бўлган Франция яна юртдошларимиз диққат марказида. Чунки бу мамлакат раҳбари Эммануэль Макрон таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Францияга ташриф буюриши кутиляпти. Kun.uz ташриф олдидан ва жараёнида бу давлатга оид туркум мақолаларни эълон қилишни режалаштирган.

Расмий номи Француз Республикаси бўлган бу давлат жуда кўпчилик томонидан Франция (France) деб аталади. Аҳолиси денгиз ортида яшовчи ҳудудлар фуқаролари билан қўшиб ҳисоблаганда 68 млн дан ортиқ ва бу кўрсаткич бўйича дунёда 22-ўринни эгаллайди. Умумий ҳудуди эса 643 801 км² (жаҳонда 48-ўринда).
Дунёда ҳудуди ҳам анча катта, аҳолиси улкан давлатлар кўп. Лекин Франция асрларки ҳар жиҳатдан дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири мақомини сақлаб турибди. “Озодлик, тенглик, биродарлик” деган шиор билан халқ томонидан ва халқ учун бошқарув тамойили асосида ривожланиб келмоқда.

Франция Европа марказидаги турли анъаналар, миллатлар ва тамаддунлар тўқнашиб уйғунлашиб кетган шундай масканки, бу давлат ҳамиша дунё диққат марказида бўлиш билан бирга миллионлаб инсонларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Иқтисоди, бой тарихи ва маданияти, ҳарбий қудрати, БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолиги, очиқ ядровий давлатлиги Франциянинг халқаро майдондаги нуфузининг мунтазам юқорилигини таъминлаб келади.


3 трлн доллардан ортиқ ялпи ички маҳсулоти билан Франция Европа иттифоқида фақат Германиядан орқада, дунёда эса кучли ўнликда доимий бўлгани ҳолда айрим йилларда кучли еттиликка ҳам кира олган.
Сарлавҳадаги саволга келсак, Франциянинг “Бешинчи республика” номини олиши унинг давлат тузумидаги турлича босқичлар билан боғлиқ. Тарихан монархия шаклида бошқарилиб келинган бу давлатда 1792 йилнинг 21 сентябрида муҳим бурилиши юз беради. Қирол Людовик XVI ҳокимиятдан четлатилиб, Француз Республикаси тузилади. Давлатнинг бу шакли 1804 йилда, 1799 йилда катта сиёсатга чиқиб келган Наполеон Бонапартнинг ўзини император деб эълон қилгунига қадар давом этади. Наполеоннинг ҳокимиятдан кетиши яна монархияни қисман тиклайди. Лекин бу ҳам вақтинча эди. 1848-1852 йиллар оралиғида Иккинчи Француз Республикаси даври келади. Учинчиси 1870-1940 йиллар оралиғида кечади.

Яқин тарихда кечгани ва бугунги тузумга жиддий таъсир қилгани билан Тўртинчи Республика аҳамиятли. 1946-1958 йиллар оралиғидаги бу давр давлат бошқарувида парламентар услубга тўлиқ ўтилгани ва бунинг ортидан қатор муаммолар келиб чиққани билан аҳамиятли. Айнан мана шу даврда Франциянинг доимий ҳудудидек қараб келинган Жазоирда мустақиллик ҳаракатлари кескин кучайиб кетади.
1958 йилда янги конституция қабул қилинади ва расман Бешинчи Республика даври бошланади ҳамда бу давр ҳануз давом этиб келмоқда. Янги конституцияга кўра давлат бошқарувидаги асосий ваколатлар парламентдан олиниб, президентга берилади ва давлат раҳбари 7 йил муддатга сайланиши мумкин бўлади. 2000 йилдан бу муддат 5 йилга туширилди. 1958 йилда умуммиллий сайловларга кўра Шарль де Голл президентликка сайланди. Унинг президентлик даври Жазоирнинг барибир мустақил бўлиши, Франциянинг иккинчи жаҳон урушидан кейин жадал тикланиши, НАТОдан чиқиб кетиши ва ўз атом лойиҳасини амалга ошириши каби воқеалар билан ёдда қолди.

Шу тарзда Европанинг қудратли бу давлати тўла-тўкис президентлик бошқаруви асосида Бешинчи Республика даврини бошдан кечирмоқда. Айни пайтда мамлакатни Эммануэль Макрон бошқармоқда ва у Шарль де Голлдан кейинги еттинчи президентдир.
Президент Шавкат Мирзиёевдан бир оз кейин, 2017 йилнинг 14 майида давлат бошқарувига келган Эммануэль Макрон Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқаларга алоҳида эътибор бериб келяпти. Икки давлат раҳбари 2018 йилда ҳам учрашишган ва жорий йилнинг 21-22 ноябридаги расмий ташриф иккинчисидир.
Аброр Зоҳидов, Париж.
Мавзуга оид
20:32 / 13.06.2026
Ўзбекистонликлар учун Францияда мавсумий иш таклиф этилмоқда
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
08:50 / 08.06.2026