Ўзбекистон | 07:36 / 19.11.2022
2007
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилади

30 ноябрдан 2 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да Craft Fair Uzbekistan — халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Тадбирда хорижий давлатлар — Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Покистондан ҳунармандлар қатнашиши кутилмоқда. Унда Novica, Wildberries, Alibaba, Joyda, CraftmeetsDesign, iHunar каби халқаро ҳамда маҳаллий онлайн платформалар иштирок этиши режалаштирилган.

Иштирокчилар томонидан каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар, миниатюра каби 20 дан ортиқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади.

Ярмарка иштирокчилари лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш ҳамда бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этиши мумкин бўлади. Ўзбекистон турли ҳудудларига хос бўлган каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги мактабларига хос бетакрор маҳсулотлар ҳамда ҳунармандлар томонидан ясалган эсдалик совғаларини харид қилиш имкони ҳам яратилади.

Ярмаркага ташриф буюрганлар заргар Тоҳир Муҳаммедов, кулол Алишер Нарзуллаев, каштачи Аҳмад Арабов, кулол Шокир Аҳмаджонов, адрас, атлас тўқувчи, гиламдўз Иброҳим Султонов каби машҳур ҳунармандлар маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этишлари мумкин бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид