20:00 / 21.11.2022
27986

Тошкент марказига паркоматлар ўрнатиш лойиҳаси тақдим этилди

Тошкентнинг 10 та марказий кўчаси бўйлаб 2251 та автомобилга мўлжалланган пулли тўхташ жойлари ташкил этилади. Шаҳар транспорт бош бошқармаси бу борадаги айрим тафсилотларни эълон қилди.

С.Азимов кўчасидаги пулли тўхташ жойи лойиҳаси / Фото: Транспорт бошқармаси

Лойиҳа доирасида 57 та паркомат ўрнатиш, 2 та эвакуатор ва 2 та паркон харид қилиш кўзда тутилмоқда. Паркон – енгил автомобил бўлиб, у тўхташ қоидалари бузилганини автоматик қайд этувчи мослама билан жиҳозланган бўлади ва паркоматлар ўрнатилган кўчаларда патруллик қилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида паркоматлар ташкил этиладиган кўчалар рўйхати 2022 йил 2 февралдаги президент қарори билан тасдиқланган бўлиб, улар қуйидагилар: Глинка, Братислава, Миробод, Авлиё ота, Тарас Шевченко, Саид Барака, Моштабиб, Фидокор, Содиқ Азимов, Якуб Колас кўчалари.

Инфографика: Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси

Транспорт бошқармаси бу 10 та кўча бўйида ташкил этиладиган пулли тўхташ жойларининг схемаларини тақдим этди.

Мисол учун, Миробод кўчасининг бошидан охиригача (Миробод деҳқон бозоридан Космонавтлар метросигача) 11 та паркомат ўрнатилади. Бу паркоматлар 385 та автомобил жойига тааллуқли бўлади, шундан 35 таси – имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган бўлади.

Миробод кўчасида йўл бўйи пулли тўхташ жойларини ташкил этиш лойиҳаси / Фото: Тошкент транспорт бошқармаси
Миробод кўчасида йўл бўйи пулли тўхташ жойларини ташкил этиш лойиҳаси / Фото: Тошкент транспорт бошқармаси
Глинка кўчаси / Фото: Тошкент транспорт бошқармаси

Лойиҳага кўра, пулли тўхташ жойларидан 5 фоизи имконияти чекланган шахслар учун ажаратилади ва бу жойлардан бошқаларнинг фойдаланиши тақиқланади. Имконияти чекланган шахсларга йўл бўйи автотураргоҳларидан фойдаланишни бепул қилиш режалаштирилган.

Хориж тажрибаси

Тошкент шаҳар транспорт бошқармасига кўра, хорижда ўтказилган тадқиқотларда автомобилларнинг йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тирбандликларни 10 фоизга камайтириши ойдинлашган.

Хусусан, Мексика пойтахти Мехикода 25 000 тадан ортиқ автомобилларнинг йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тизими жорий этилгандан кейин, автомобилни вақтинча тўхтаб туриши учун жой ахтаришга аҳолининг бир кунда кетадиган вақти 3-4 дақиқани ташкил этган (тизим жорий этилмасидан аввал 13-14 дақиқа бўлган). Аҳоли орасида ўтказилган сўровномаларда автомобилларнинг йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари ҳақида 84 фоиз ижобий, 9 фоиз салбий фикр билдирилган. Сўров иштирокчиларининг 55 фоизи ҳаёт тарзи сифати кўтарилгани, 41 фоизи мобиллиги ошганини, 52 фоизи автомобилни қўйиш учун сарфланадиган вақт камайгани, 34 фоизи тирбандликлар камайганини билдирган.

Мехико шаҳрининг Поланкано туманидаги йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари / Очиқ манбалардан олинган сурат
Мехико шаҳри / Очиқ манбалардан олинган сурат

Мехико тажрибасида, умумий ҳисобда автомобилни қўйиш учун сарфланадиган вақт бир йилда 8,72 млн соатдан 1,99 млн соатга (77 фоизга) камайган. Бунда сарфланган ёқилғи 9,9 млн литрдан 2,2 млн литргача (78 фоизга) камайган. Ўз навбатида, автомобиллардан чиқаётган зарарли газлар миқдори ҳам 78 фоизга камайган, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 9 фоиздан 50 фоизгача кўтарилган.

Москва шаҳри / Очиқ манбалардан олинган сурат

Россия пойтахти Москвада автомобилларнинг йўл бўйи пуллик жойлари тизими жорий этилиши натижасида ҳайдовчиларнинг бўш жой ахтариш учун сарфланадиган вақти 65 фоизга камайган, тўхташ жойларида автомобилларнинг ўртача тўхтаб туриш вақти 50 дақиқани ташкил этмоқда (тизим жорий этилгунга қадар 6-8 соат бўлган), яъни битта тўхташ жойидан бир иш куни давомида қарийб 10 та автомобил фойдаланмоқда.

Бу тизим автомобилларнинг ноқонуний тўхтаб туриши билан боғлиқ қоидабузарликлар сони ҳам камайиб боришига сабаб бўляпти. Хусусан, 2016 йилда 1 суткада 800 та автомобил жарима майдонига жойлаштирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга камайиб, 650 тани ташкил этган.

Москвадаги Петровка кўчаси. Паркомат ташкил этилишидан аввал ва кейин / Фото: transport.mos.ru

Москва шаҳрининг марказий қисмида автомобилларнинг йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари жорий этилганидан кейин транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги ўртача 12 фоизга ошган, транспорт воситасини нотўғри қўйиш қоидабузарликлари 64 фоизга камайган, шаҳар маказига кириб келаётган шахсий автомобиллар сони 25 фоизга қисқарган.

Тошкентдаги ҳолат

Шаҳар транспорт бошқармасининг қайд этишича, Тошкентда автомобиллар кўпайиб бориши билан бирга, автотураргоҳларга талаб кун сайин ортяпти. Шаҳар марказида тўхташ жойлари йўлнинг ҳаракат қисмидан кўпроқ жой эгаллаган кўчалар сони ошган.

Бошқарма 2021 йил 20 январдан 30 январга қадар онлайн сўровнома ўтказган. Унинг натижаларига кўра, иштирок этган 8368 нафар қатнашчидан 8117 нафари, яьни 97 фоизи йўл бўйида нотўғри тўхташ туфайли ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келганини маълум қилган.

Таъкидланинишича, пулли тўхташ жойларини ташкил этиш кўчаларнинг ўтказувчанлигини оширади, тирбандликларни камайтиради, автомобил қўйиш учун жой топишни осонлаштиради, одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга ундайди.

  • Эслатиб ўтамиз, президент қарорида 10 та кўчада паркомат ташкил этиш учун 2022 йил 1 ноябргача муддат белгиланган эди.
  • Давлат раҳбарининг бошқа бир қарорига асосан, Тошкентда 2023-2026 йилларда ҳар йили 5 тадан паркомат ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, йирик бозорлар атрофида ҳар йили 5 тадан кўп қаватли ёки ерости автотураргоҳлар қурилиши белгиланган.
Top