Ўзбекистон | 17:15 / 23.11.2022
55155
2 дақиқада ўқилади

Минглаб Lacetti ва Cobalt'лар биргина бутловчи қисмни кутмоқда — “Ўзавто”

Lacetti ва Cobalt учун 90 мингга яқин навбат юзага келган. Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors бу икки моделдан иборат “сайилгоҳ” ташкил этгани ҳақида видеолар тарқалди. “Ўзавтосаноат” Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, бу ҳолатга биргина зарурий бутловчи қисмнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.

Интернетда тарқалган видеолардан кадрлар

“Ўзавтосаноат” матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардаги автомобиллар биргина зарурий бутловчи қисмнинг йўқлиги сабабли ўз эгаларига топширилмай келмоқда. Компания бу айнан қанақа қисм эканига аниқлик киритмади.

“UzAuto Motors компанияси глобал инқироз даврида ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширганига қарамай, муҳим бутловчи қисмларнинг кескин тақчиллигини бошдан кечираётгани ҳақида бир неча бор ОАВда чиқишлар қилди.

Хабарингиз бор, сўнгги икки йил ичида жаҳон автомобил бозори COVID-19 пандемиясининг оқибатлари, микрочиплар инқирози, логистика ва Европадаги геосиёсий вазият каби бир қатор глобал муаммоларга дуч келди.

Ушбу катаклизмлар дунёдаги барча автомобил ишлаб чиқарувчиларига ўз таъсирини кўрсатди. Бошқа автозаводлар ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга, опцияларни ва иш ўринларини қисқартиришга, ҳатто заводлардаги конвейерларини тўхтатишга мажбур бўлди.

UzAuto Motors иш ўринларини қисқартирмаган ҳолда, конвейерларнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш учун комплекс чора-тадбирларни амалга ошириб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирмоқда. Аммо кўрилган чора-тадбирларга қарамай микрочиплардан иборат зарурий деталларни ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистонга етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда.

Ушбу видеотасвирда кўрсатилган автомобиллар биргина зарурий бутловчи қисмнинг йўқлиги сабабли ўз эгасига топшириш имконсиз бўлган деярли тайёр автомобиллардир”, дейилади “Ўзавтосаноат” АЖ изоҳида.

UzAvtoSavdo_bot маълумотларига таянадиган бўлсак, 23 ноябр ҳолатига Cobalt учун 47 769 дона, Lacetti учун 41 991 дона навбат юзага келган.

Мавзуга оид