Жаҳон | 08:14 / 25.11.2022
8504
2 дақиқада ўқилади

Германия хорижликларга фуқаролик беришни соддалаштирмоқчи

Германия ҳукумати, хусусан, фуқароликни олишнинг минимал муддатини саккиз йилдан беш йилгача қисқартирмоқчи. 67 ёшдан ошган одамлар учун тилни етарли даражада билиш талабини олиб ташлаш кўзда тутилган.

Фото: EN

Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер Германия фуқаролигини олишни хоҳловчи хорижликларга қўйиладиган талабларни сезиларли даражада қисқартирмоқчи. Бу ҳақда 24 ноябрь, пайшанба куни Bild газетаси федерал ва ҳудудий ички ишлар вазирликлари иштирокидаги конференция баённомаларига таяниб маълум қилди.

Хусусан, ушбу ҳужжатга кўра, агар ота-онасидан камида биттаси Германияда қонуний равишда камида беш йил яшаган бўлса, бу ерда туғилган болаларга автоматик равишда Германия фуқаролигини бериш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, расмийлар фуқароликка қабул қилиш орқали фуқароликни олишнинг минимал муддатини саккиз йилдан беш йилгача қисқартирмоқчи. Махсус ҳолатларда, деб ёзади Bild, уч йилдан кейин ҳам фуқароликка қабул қилиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, Bild нашрининг ёзишича, бошқа давлат фуқаролигидан чиқиш ҳақидаги амалдаги талабни бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Ненси Фезер, шунингдек, 67 ёшдан ошган одамлар учун тилни етарли даражада билиш талабини бекор қилмоқчи. Бунинг ўрнига, келажакда «оғзаки мулоқот қилиш қобилияти» етарли бўлади. Ушбу гуруҳдаги чет элликлар учун Германия тарихи ва сиёсий тузилишини билиш бўйича мажбурий тест ҳам бекор қилинади. Айни пайтда, Bild таъкидлашича, Фезернинг ташаббуси бўйича идоравий овоз бериш ҳали якунлангани йўқ.

Мавзуга оид