Жаҳон | 08:52 / 25.11.2022
10603
3 дақиқада ўқилади

Европарламент Лукашенконинг мол-мулкини мусодара қилишга чақирди

Европа Иттифоқи парламенти Лукашенконинг мол-мулкини унинг режими қурбонлари ва Беларус мухолифати вакилларига ўтказишни таклиф қилмоқда.

Фото: AP

24 ноябрь, пайшанба куни Европа Иттифоқи парламенти Страсбургда Беларусдаги ҳуқуқий вазият бўйича резолюцияни қабул қилди. Унда Европарламент депутатлари Еврокомиссия ва ЕИ давлатларини Европа Иттифоқи музлатиб қўйган активлар, жумладан, Беларус раҳбари Александр Лукашенко, унинг оиласи ва яқин шерикларининг активларини мусодара қилиш имконини берувчи ҳуқуқий механизмни якунлашга чақирди. Ушбу маблағларни Лукашенко режими қурбонлари ва Беларус демократик мухолифати вакилларига ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Европа Иттифоқининг қонун чиқарувчи органи Беларус дипломатик изоляциясини давом эттиришга, шу жумладан халқаро ташкилотларга, шунингдек, ЕИ ва унинг давлатларининг ўз ҳудудида дипломатик мавжудлигини камайтиришга чақирди.

Лукашенко ва унга алоқадор шахслар Украинадаги уруш жиноятлари учун жавобгардирлар, улар халқаро трибунал ва Халқаро жиноий судга тортилиши керак, деб хабар берди Европа парламенти. Унинг депутатлари Беларуснинг Россиянинг Украинага қарши урушидаги иштирокини ва Россия қўшинларининг Беларус ҳудудига янги жойлаштирилишини кескин қораладилар.

Йирик Европа компаниялари етказиб берувчилари томонидан беларуслик маҳбусларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланганлиги муносабати билан Европа Иттифоқи парламенти Европа Иттифоқидаги барча корхоналарни мажбурий меҳнатдан фойда кўрувчи ҳар қандай Беларус етказиб берувчилари билан муносабатларни тўхтатишга чақирди. Депутатлар Европа Иттифоқи кенгашидан Беларусда фаолият юритаётган ва таъминот занжирларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётган барча компанияларга нисбатан санкциялар жорий этишга чақирмоқда.

Европарламент на ЕИнинг ўзи, на унинг аъзолари Александр Лукашенкони Беларус президенти сифатида тан олмаслигини эслатиб, кўпчилик беларусликлар Светлана Тихановскаяни 2020 йилги президентлик сайловларида ғолиб деб билишини таъкидлади. Европарламент депутатлари Беларус мухолифати ва фуқаролик жамиятини сўзсиз қўллаб-қувватлашини эълон қилди. «Украинанинг ғалабаси Беларусдаги демократик ўзгаришларни тезлаштиради», дейилади резолюцияда.

Парламент аъзолари Европа комиссияси ва Европа Иттифоқи давлатларидан мамлакатнинг демократияга ўтиш жараёнига тайёргарлик кўриш учун демократик мухолифат, фуқаролик жамияти, ҳуқуқ фаоллари ва мустақил оммавий ахборот воситалари вакилларини Беларус ва хорижда қўллаб-қувватлашда давом этишни сўради.

Мавзуга оид