Жаҳон | 08:51 / 26.11.2022
10812
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда прокурор талаби билан ЖССТ сайти блокланди

Қозоғистонда прокуратура талаби билан ЖССТнинг расмий сайти блокланди. Бу ҳақда фақат бир ярим ойдан кейин маълум бўлди.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Қозоғистонлик шифокорлар ижтимоий тармоқларда ғалати ҳолатга эътибор қаратишди – Қозоғистонда бир ойдан ортиқ вақт давомида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий сайтига кириш имкони бўлмаяпти. Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг 25 ноябрь, жума куни хабар беришича, Олмаота вилояти Талгар туман суди қарори билан ЖССТ сайти блокланган. Бундан ташқари, суд қарори 2022 йил 15 октябрда қонуний кучга кирган.

Суд қарорига Олмаота вилояти Талгар тумани прокурори номидан «хорижий оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган маҳсулотларни» ноқонуний деб эълон қилиш ва Қозоғистон Республикаси ҳудудида унинг тарқатилишини тўхтатиб туриш талаби бўлган «давлат манфаатлари йўлидаги» аризаси сабаб бўлган. Прокуратура маълумотларига кўра, ноқонуний «маҳсулотлар» ўз жонига қасд қилиш усуллари ва тавсиялари ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар интернетдаги бир қанча манбаларда, жумладан, ЖССТ расмий сайтининг бўлимларидан бирида жойлаштирилган.

Олмаота вилояти Талгар тумани суди матбуот хизмати хабарига кўра, прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотлар тўлиқ тасдиқланган. «Фуқаролар, жумладан, фойдаланувчилари вояга етмаган болалар ва ёшлар бўлган интернет тармоғидан ҳамма фойдаланиши мумкинлиги ҳисобга олинса, бу маълумотлар ноқулай ижтимоий вазиятни шакллантиришда хавфлидир», — дейилади ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган матбуот хизмати хабарида. Шунинг учун прокурорнинг аризаси «қондирилган».

Шу билан бирга, ЖССТнинг расмий веб-сайтига VPN тармоқлари ёрдамида осонгина кириш мумкин. Аммо, Олмаота вилояти Талгар тумани прокурорининг ғазабига сабаб бўлган саҳифа ҳозирда йўқ. Таъкидланишича, 2020 йилда веб-контент янги платформага кўчирилганлиги сабабли, эски контент очилмаётган бўлиши мумкин.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик департаменти ЖССТ расмий веб-сайти блокланганидан хабардор эканликларини ва ҳозирда «тегишли давлат идоралари ва тузилмалари билан иш олиб бораётганини» маълум қилди.

Мавзуга оид