Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
AFP: Июндаги жазирама Европада 12 мингдан ортиқ инсон умрига зомин бўлди
Июн ойининг иккинчи ярмида Ғарбий Европани қамраб олган рекорд даражадаги иссиқ тўлқини камида 12 мингта ўлим ҳолатига сабаб бўлган. Бу ҳақда AFP агентлиги етти мамлакат статистикасини умумлаштирган ҳолда хабар қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса бундай қурбонларнинг аксариятининг олдини олиш мумкин бўлганини таъкидлади.
AFP таҳлили Белгия, Германия, Испания, Люксембург, Нидерландия, Франция ва Швейцария маълумотларига асосланган. Унга кўра, 22–28 июн кунлари, иссиқ энг юқори нуқтага етган пайтда, ушбу мамлакатларда ўлимлар сони ўтган йилларнинг шу давридаги ўртача кўрсаткичдан тахминан 10 минг нафарга кўп бўлган.
Буюк Британия Метеорология хизмати эса Англия ва Уэлсда 18–28 июн кунлари яна қарийб 2200 та қўшимча ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилди. AFP ҳисоботи Шарқий Европа давлатларини қамраб олмаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ҳанс Клюге ҳукуматларни экстремал иссиққа муносабатни ўзгартиришга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, бу каби ўлимларнинг катта қисмининг олдини олиш мумкин, чунки зарур тавсиялар аллақачон ишлаб чиқилган. Бироқ кўплаб давлатлар ҳали ҳам жазирамани соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият эмас, оддий об-ҳаво ҳодисаси сифатида қабул қилмоқда.
Германияда ҳам рекорд иссиқ фонида ўлимлар сони кескин ошган. Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, 22–28 июн кунлари мамлакатда тахминан 23,9 минг киши вафот этган. Бу икки ҳафта олдинги кўрсаткичдан 7100 нафарга кўпдир.
Аввалроқ Роберт Кох институти (RKI) Германияда айнан шу экстремал иссиқ ҳафтасида 4310 та, бутун июн ойида эса тахминан 5100 та қўшимча ўлим кузатилганини баҳолаган эди.
Европа бўйича бошқа баҳолашлар ҳам мавжуд. ЖССТ ва Касалликларнинг олдини олиш ҳамда назорат қилиш бўйича Европа маркази (ECDC) қўллаб-қувватлайдиган EuroMOMO мониторинг дастури аввалроқ 27 мамлакат маълумотларини таҳлил қилиб, қитъада иссиқ туфайли 10 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмганини маълум қилган.
Мутахассислар қайд этишича, экстремал ҳарорат билан боғлиқ ўлимларнинг аксарияти 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳиссасига тўғри келади. Юқори ҳарорат нафақат иссиқ уришига, балки юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликларининг оғирлашишига ҳам олиб келади. Бу эса кекса ёшдаги инсонларни энг хавфли гуруҳга айлантиради.
Мавзуга оид
22:57 / 16.07.2026
Жазирамада кондиционерсиз қандай яшаш ҳақида 10 та фойдали маслаҳат
08:41 / 16.07.2026
Жаҳонда рекорд даражадаги жазирама кузатилиши мумкин
16:02 / 15.07.2026
Қашқадарёда ҳам жазирама сабаб оғир юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланади
15:01 / 13.07.2026