Ўзбекистон | 09:22 / 28.11.2022
8085
3 дақиқада ўқилади

Биржада нархлар кескин ошиши олдини олувчи тизим жорий этилади

Президентнинг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ:

  • тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда уларни бир вақт ўзида биржа тизимида аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилади;
  • хорижий етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизимида иштирок этиш учун мажбурий тартибда ЭРИ олиш талаби бекор қилинади;
  • тадбиркорлик субъектлари юқори ликвидли ва монопол бўлмаган маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш учун истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади;
  • тадбиркорлик субъектларига, ўз хоҳишига кўра, биржадан ташқари тўғридан тўғри тузилган шартномалар бўйича биржа ҳисоб-китоб-клиринг тизими орқали кафолатли ҳисоб-китоб хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади;
  • маҳсулотларни "форвард" битимлари асосида сотиш тартиби биржа савдолари орқали тузиладиган экспорт-импорт шартномаларига нисбатан хам қўлланилади.

2022 йил 1 декабрдан 2024 йил 1 январга қадар қуйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади:

  • монопол корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (капитали) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пўлат шар, металл лист прокати, суюқ углерод оксиди, техник кислород, каустик сода, нефть кокси, синтетик нафта, барда – ишлаб чиқариш ҳажми 100 фоизи;
  • монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:
  • металл лист прокати ва цемент – ишлаб чиқариш ҳажми камида 50 фоизи;
  • пахтадан олинган чигит, пахта мойи (экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ва истеъмол этил спирти – ишлаб чиқариш ҳажми 100 фоизи.

Бунда, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу товарлари ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган ҳажмлардан ортган қисми биржа савдоларига қўйилади.

Ички бозорда нархлар кескин ошиб кетиши ва сунъий танқислик вужудга келиши олдини олишни назарда тутувчи тизим жорий этилади:

  • монополияга қарши орган нархлар кескин тебраниши даврида биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариш ҳажмлари, мавжуд имконият ва захираларидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланиши устидан назорат олиб боради;
  • Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ўз ахборот тизимларини товар-хомашё биржалари ахборот тизимлари билан интеграция қилиб, товарлар ҳақиқий бозор нархларини кузатиш, тил бириктириш, манипуляциялар ва бошқа қонунчилик бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий қилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид