21:14 / 28.11.2022
7007

Саудия Арабистони Ар-Риёдда улкан аэропорт қурмоқчи 

Ҳаво кемалари бандаргоҳи йилига 185 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. 

Фото: Reuters

Саудия Арабистони пойтахт Ар-Риёд шаҳрида йилига 185 миллион йўловчига хизмат кўрсата оладиган дунёдаги энг йирик аэропортлардан бирини қуриш ниятида. 

Аэропорт 57 кв км майдонда жойлашади ва Саудия Арабистони давлат инвестиция фондига (PIF) тегишли бўлади. 

Янги аэропорт олтита учиш-қўниш йўлаги билан жиҳозланади, бу эса 2030 йилга бориб 120 миллион кишига, 2050 йилга бориб 185 миллион кишига хизмат кўрсатиш имконини беради. Унга сарфланадиган электр энергияси қайта тикланадиган манбалардан олиниши кутилмоқда. 

Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш учун 1 триллион доллар сармоя киритишга ваъда берган эди. Сармоядан мақсад 2030 йилгача 100 миллионга яқин хорижий сайёҳни жалб этишдир. 

Top