Ўзбекистон | 16:19 / 29.11.2022
42484
4 дақиқада ўқилади

Вячеслав Володин Ўзбекистонни АҚШ билан ҳамкорлик қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирди

Россия Давлат думаси раиси Тошкентда юқори мартабали шахслар билан учрашди ва бу ташрифи ҳақида баёнот эълон қилди. Бошдан оёқ АҚШга қарши айбловлардан иборат баёнотдан кўринишича, Володин Ўзбекистонни “қўй терисига ёпиниб келадиган” Америкадан огоҳлантирган, Европадаги ҳолатдан сабоқ чиқаришга ундаган.

Шавкат Мирзиёев қабулидаги Вячеслав Володин / © Президент матбуот хизмати

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистонга келиб, 28 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашувлар ўтказди.

Тошкентдаги идораларнинг расмий ахборотларида айтилишича, мазкур учрашувларда Ўзбекистон–Россия алоқаларининг ривожланиб бораётгани эътироф этилган, ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳақида сўз борган.

Нурдинжон Исмоилов ва Вячеслав Володин икки мамлакат парламентлари қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия тузишга келишиб олган ва комиссиянинг регламентини имзолаган.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатси матбуот хизмати

Россия делегацияси ташрифини 27 ноябр куни Самарқандда бошлаган. Меҳмонларни кутиб олиш учун Самарқанд халқаро аэропортига Нурдинжон Исмоиловнинг шахсан ўзи чиққан. Делегация биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган, Боқий шаҳар мажмуасида бўлган. Тошкентда эса Ғалаба боғи ва Амир Темур музейига борган.

28 ноябр куни Дума расмий сайтида Володиннинг Ўзбекистонга сафарига доир расмий баёноти эълон қилинди. Баёнот АҚШга қарши айбловлардан иборат.

Вячеслав Володиннинг фикрича, Ўзбекистон АҚШ билан ҳамкорликнинг “эҳтимолий оқибатларига баҳо бериш”да Европанинг Америка билан ҳамкорлиги “натижалари”дан сабоқ чиқариши керак.

“Бу ердаги одамлар донишманд, ақлли – бу хат-хабарлар нимага олиб келишини тушунишади”, – деган у АҚШ вакилларининг Марказий Осиёга тез-тез келиб туришига изоҳ бераркан.

Дума раисининг даъвосича, айнан АҚШ билан қалин муносабатлар Европани иқтисодий муаммоларга етаклаган. Унинг фикрича, Америка Европани Россияга қарши санкциялар урушига судраб кириб, Европа ва Россия ҳамкорлигидаги лойиҳаларни барбод қилган. “Арзон энергиядан фойдаланиш имконини берадиган айни шу дастурларимиз Германия, Франция ва бошқа давлатларда саноат ривожланишининг асоси эди”, деган у.

Володин ўз сўзида айнан рус энергоресурслари “европаликлар фаровонлигининг пойдевори” бўлгани, АҚШ эса бу ресурсларнинг Европага етиб келишини тўхтатиб қўйишни истагани, бу орқали Америка Европага ўзининг қиммат ресурсларини сотишга эришганини иддао қилган.

Россиялик мулозим Ўзбекистонга сафари давомида “жуда кенг миқёсдаги масалалар, хусусан умумий тарих, анъанавий қадриятлар, маданият масалалари”ни ҳам муҳокама қилганини айтади.

“Кўп жиҳатларимиз ўхшаш. Масалан, оилани бузиб, муносабатлар борасида янги қадриятларни тиқиштираётганликларини биз қабул қила олмаймиз. Америкаликлар қўй терисини ёпиниб келишади, лекин бўрининг иржайиши кўриниб туради, шунинг учун ким келгани ҳаммага тушунарли бўлади”, – деган Вячеслав Володин.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойи охирида Россия президенти Владимир Путин МДҲ давлатларининг разведка хизматлари раҳбарларини Москвага йиғиб, уларни “қонли қирғин уюштиришга тайёр” турган “геосиёсий мухолифлар” борлигини айтиб огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид