Бир неча кун олдин ўтказилган сайлов Трампнинг сиёсий фаолиятидаги учинчиси бўлди. У бундан аввал 2016 ва 2020 йилларда ўтказилган сайловларда ҳам ўз номзодини қўйганди.

2016 йилда Трамп Демократик партия вакили Ҳиллари Клинтонни ортда қолдириб, АҚШ президентига айланганди. 2020 йилда эса Жо Байденга ютқазганди. Бу сафар Камала Ҳаррисни ортда қолдирди.

Қуйида Трамп ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан таништириб ўтамиз.

Германиялик муҳожирлар авлоди

Доналд Трамп 1946 йил 14 июнда Ню-Йорк шаҳрининг Куинс туманида туғилган. Унинг қонида немислар қони оқади ва бир пайтлар бобоси ва бувиси АҚШга Германиядан кўчиб келган.

Трампнинг 1937 ва 1942 йилларда туғилган икки опаси, 1938 йилда туғилган акаси ва 1948 йилда туғилган укаси бўлган. Ҳозирда унинг бир опаси тирик, қолганлар ҳаётдан кўз юмган.

Доналд Трамп (чапдан биринчи) опалари, акаси ва укаси билан.

Ота ёрдамида бошланган бизнес

Гарчи Трамп тез-тез бир пайтлар ўзи оёққа турганини айтишни хуш кўрса-да, бу гап тўғри эмас. Унинг отаси таниқли тадбиркор, анча бой одам бўлган. Трамп отасининг пуллари билан оёққа турган.

Маълумотларга кўра, 1968 йилда 22 ёшли Трамп айнан отасининг компаниясига президент бўлади. Кейинроқ отаси унга 14 млн доллар беради ва Трамп шу маблағ билан ўз бизнесини бошлайди.

Трамп асосан Ню Йоркнинг Бруклин, Квинс ва Стейтент Айлент туманларида уй қуриб сотиш, уларни ижарага бериш билан шуғулланган.

Кейинроқ у Манҳеттенда осмонўпар бинолар, меҳмонхоналар, казинолар ва голф майдончаси қурган.

Трампнинг ёқтирган ўйини голф ҳисобланади

Банкротликка бир қадам

1989 йилда молиявий инқироз юз беради ва Трамп жуда катта миқдорда қарзга ботиб қолади. Ўшандан сал аввал у Трамп-Тож-Маҳал савдо-кўнгилочар мажмуасини қуриш учун 1 млрд доллар қарз олганди.

Охир-оқибат ўша ва бошқа қарзлар йиғилиб, 1991 йилда Трамп банкротлик ҳолатига келиб қолади. Шундан сўнг у ўзидаги облигацияларнинг 50 фоизини сотишга мажбур бўлади. Пуллар қарзларнинг бир қисмини ёпишга сарфланади.