19:02 / 01.12.2022
23854

ИШИД ўз етакчиси ўлими ҳақида хабар берди

ИШИД жангарилари ўз етакчиси Абу ал-Ҳасан ал-Қурайшийнинг ўлими ҳақида хабар берди.

Фото: Reuters

Гуруҳ вакили гуруҳга алоқадор телеграм-каналда ал-Қурайший «Худонинг душманлари» билан бўлган жангда ҳалок бўлгани ҳақида аудиохабар қолдирган, аммо бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Гуруҳ етакчиси 45 ёшда эди.

ИШИД гуруҳи Абу Ал-Ҳусайн Ал-Ҳусайний Ал-Қурайший гуруҳнинг янги етакчиси сайланганини хабар қилган. У ҳақда кўп нарса маълум эмас.

АҚШ ҳам ИШИД етакчиси «Озод Сурия армияси» томонидан ўтказилган операция давомида йўқ қилинганини тасдиқлади. 

«Октябр ойи ўрталарида Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг ўлими ИШИДга навбатдаги зарба бўлди. Бу операция Суриянинг Дераа вилоятида «Озод Сурия армияси» томонидан амалга оширилди», — дейилади Марказий қўмондонлиги матбуот хизмати хабарида.

«Озод Сурия армияси» 2011 йил ёзида Сурия президенти Башар Асад ҳукуматига қарши бўлган Сурия армияси зобитлари гуруҳи томонидан тузилган. Ҳозир бу гуруҳ кичик маҳаллий ташкилотлардан иборат ва ягона қўмондонлик марказига эга эмас. Гуруҳ АҚШ ва Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланади ва ҳам жангариларга, ҳам Асад кучларига қарши курашиб келади.

Пентагон баёнотига кўра, бу амалиётда Америка қўшинлари иштирок этмаган.

АҚШ президенти маъмурияти расмийси Жон Кирби ИШИД етакчиси ўлими ҳақидаги хабарни олқишлаган.

Абу ал-Ҳасан Ал-Қурайший жорий йил мартида ИШИД етакчисига айланганди, ўшанда Сурия шимоли-шарқида гуруҳнинг ундан олдинги раҳбари йўқ қилинганди.

Абу ал-Ҳасан Ал-Қурайший. Фото: Central Asia

ИШИД террорчилик гуруҳи ўз вақтида Ироқ шарқи ва Сурия ғарбида жами 88 минг квадрат километр майдонда халифалик ўрнатганди. Бу террорчилар назоратидаги ҳудудларда саккиз миллионга яқин киши яшаган.

2017-2018 йилларда ИШИД кучлари аввалига Ироқда, кейин Сурияда жанг майдонларида тор-мор этилди. Аммо гуруҳ турли ҳудудларда амалга оширилган террорчилик хуружлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб келмоқда, хусусан, Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиалар масжидида содир этилган портлаш учун ҳам. Бу ҳужум оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлганди ва бу Америка қўшинлари мамлакатдан олиб чиқилганидан кейин рўй берган энг қонли терактга айланди.

Top