Жаҳон | 06:40
1013
3 дақиқада ўқилади

Пентагон НУЖлар ҳақидаги 72 та янги ҳужжатни эълон қилди

Таъкидланишича, эълон қилинган ҳужжатларда Ердан ташқарида ҳаёт мавжудлиги ёки ҳукумат томонидан маълумотлар яширилганини тасдиқловчи далиллар йўқ.

Фото: AP

АҚШ Мудофаа вазирлиги ғайриоддий ҳодисалар билан боғлиқ ҳужжатларнинг учинчи тўпламини эълон қилди. Тўпламдан ҳарбийлар, федерал агентлар ва хорижлик кузатувчилар томонидан қайд этилган ғайриоддий жисмлар ҳақидаги 72 та янги ҳужжат жой олган.

Таъкидланишича, эълон қилинган ҳужжатларда Ердан ташқарида ҳаёт мавжудлиги ёки ҳукумат томонидан маълумотлар яширилганини тасдиқловчи далиллар йўқ.

Энг батафсил тасвирланган воқеалардан бири 2022 йил февралида АҚШнинг Колорадо штатидаги Колорадо-Спрингс шаҳри яқинида содир бўлган. Форт-Карсон ҳарбий базасида хизмат қилувчи беш нафар аскар Шайенн-Маунтин ҳудуди устида муаллақ ҳолда турган объектни кузатган.

ФТБ ҳужжатларида объект «картошкасимон», аниқ қиррали ва оқ-сарғиш ялтироқ рангдаги жисм сифатида тасвирланган. Гувоҳларнинг айтишича, унинг сирти нотекис ва бир-бирини қопламайдиган «тангачалар» ёки панеллардан ташкил топгандек кўринган. Объект тахминан икки дақиқа давомида ҳаракатсиз турган ва кейин йўқолган.

Яна бир ҳолат 2023 йил октябрига тааллуқли. Федерал ҳуқуқ-тартибот органининг олти нафар ходими бир неча бор ёрқин тўқ сариқ ва қизил рангли шарларни кузатган. Ҳужжатларга кўра, шарлар тепалик орқасидан пайдо бўлган ва баъзан улардан янада кичикроқ объектлар ажралиб чиққандек туюлган.

Махфийликдан чиқарилган ҳужжатлар орасида ФТБнинг 2025 йилда АҚШ шимоли-шарқида кузатилган воқеа ҳақидаги ҳисоботи ҳам бор. Гувоҳ ўрмон яқинида ёрқин қизил шарни кўрганини билдирган. Унинг ичида баскетбол тўпи ҳажмидаги «оқ плазмали қуёш»га ўхшаш ёруғлик бўлгани айтилган. Кейин иккинчи шар пайдо бўлган ва объектлар овозсиз тарзда кўздан ғойиб бўлган. Иш материалларида мобил телефонда олинган видео ҳам мавжуд бўлиб, унда осмонда ҳаракатланаётган иккита қизил ёрқин объект акс этган.

Архивда, шунингдек, Марказий разведка бошқармасининг 2008 йилга оид ҳужжати ҳам мавжуд. Унда Зимбабведаги аэропорт яқинида диск шаклидаги, айланувчи чироқларга эга объект кузатилгани қайд этилган. Ҳисоботда айтилишича, объектдан нур таралган.

Трамп маъмуриятининг маълумотларни ошкор қилиш дастури доирасида ҳозиргача 300га яқин ҳужжат эълон қилинди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид