Ўзбекистон | 22:42 / 01.12.2022
12673
6 дақиқада ўқилади

«Ихтиёрий» деган тўн кийдирилаётган мажбурий обуна

Ҳар йил охирида мана шу муаммо қалқиб чиқади ва азалий баҳслар бошланиб кетади. «Одамлар газета ўқимай қўйишди», «Ихтиёрий обунани ҳеч ким бекор қилгани йўқ», дейди босма нашрлар ходимлари. «Барибир обуна қилдириляпмиз», «Пулни ушлаб қолгани етмагандай, газета ҳам келмайди», ёзғиради иккинчи томон.

Фото: Kun.uz

Дарҳол таъкидлашимиз керак — бу борада аҳвол анча ўнгланган. Чунки яқин ўтмишда обуна гўёки давлат сиёсати, бюджет ходимларига нашрлар учун пул тўлаш қонуний мажбуриятдек қараларди. Аввал вазирликлардан, кейин маҳаллий ҳокимиятларда муайян жадваллар ишлаб чиқилар, ҳар бир ташкилот қайси нашрга обуна бўлиши шартлиги бўйича «тепа»дан аниқ топшириқлар тушириларди. Ҳатто бу қоғозбозликдан ҳам эринганлар бюджет ходимлари маошидан шартта чегириб олиб, «обунага» дея расмийлаштириб ҳам қўя қолишарди.

Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқини англай бориши, янги сиёсатнинг талаби ва бошқа қатор жиҳатлар ортидан бу борадаги ўзибўларчиликларга барҳам берилди. Аммо сўнгги сигналлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳануз шифокор ва муаллимнинг ойлигига чанг солиш истагида бўлганлар, обунага «ихтиёрий» деган тус бериб, аслида мажбурлаётганлар учраб турибди.

Самарқанддан хат олдик:

«Биз тиббиёт ходимлари ўзи кўп ойлик олмаймиз. Лекин барча бўғин ходимларига «Ўз ихтиёрим билан...» деб хат ёздириб олиб, шифокорлардан 1 млн сўмдан, ҳамширалардан 600 минг сўмдан ушлаб қолишяпти. Ўтган йили ҳам шундай қилинган. Лекин бир йил давомида бирорта газета ёки журнал келганини билмаймиз», — дейилади унда.

Бундай хатларга хос жиҳат, «фақат илтимос, шахсимизни сир сақланг», дея якунланган буниси ҳам. Бу ўз-ўзидан тушунарли. Шифокор ҳануз беморнинг қўлига қарайди, ишидан доим камчилик топиш мумкин. Таниш-билишлар орқали бир амаллаб, поралар бериб 0,25 ставкага илашиб турган ҳамширага ҳам бош оғриқ мутлақо керак эмас.

Аммо бу билан муаммо борлигини яшириб бўлмайди. Аслида, у ёки бу жиҳатдан давлат ташкилотларига тобе газеталар, жумладан марказий нашрлар йил якунида обунага қаттиқ умид боғлаши, хирмон кўнгилдагидек бўлмаганида яна эски ричагларни қўллаши ҳеч кимга сир эмас. Бу масала кўтарилиб, баҳслар бошланганда эса «Ҳеч ким мажбурий обуна қилмаяпти, ихтиёрий обуна эса қонунга зид эмас. Газета ахир маънавият-ку?» дея иҳоталанишади. Лекин тан олиш керакки бу масала шунчаки «Ихтиёрий» деган тўн кийдирилиб ечиляпти, холос.

Хўш, ўқитувчи-шифокорлар оғзига мум тишлаб, иложсизликдан рози бўлишар, босма нашрлар ва етказувчилар ҳеч нарса билмагандай гўёки қонунга мос пулларни тақсимлар ва яра мадда бойлашда давом этар экан, нима қилмоқ керак?

1. Ҳар қандай бюджет ташкилотининг маошидан обуна учун ушлаб қолиш «Мажбурий обуна» дея баҳоланиши шарт. Ҳатто ходимнинг розилик хати бўлса-да! Ўша ходимга шу нашр керак экан, бориб ўзи обуна бўлаверсин, ўртакаш керак эмас;

2. Қайсидир бюджет ташкилотнинг камида 20 фоиз ходими бирданига муайян нашр (ёки нашрларга) обуна бўлиш истагини билдириб қолдими, бу ҳам шубҳасиз мажбурият деб қаралиши лозим. Чунки маошини рўзғорига амал-тақал қилиб етказаётган ўқитувчилар тўсатдан обуна дея ўз ихтиёрлари билан пул йиғиб қолиши ақлга сиғмайди. Шунчаки бунга ишонгиси келганлар ва бошқаларни ишонтиришга уринаётганлар бор холос;

3. Умуман, қайсидир давлат ташкилотидан обуна дея катта миқдорда пул ўтказилишининг ҳар қандай шакли мажбурий обуна эканлигини англаб етадиган пайт аллақачон келган. Одатда текширувчилар учун «подшивка» дея тахлаб қўйиладиган, амалда деярли ҳеч ким ўқимайдиган нашрлардан ҳам нари борса икки нусхадан олинса етарли бўлади. Кўпми, демак ўша ташкилот мажбурий обуна қилдиряпти.

Ўзбекистон мустақил бўлганига ҳам 31 йилдан ошди. Дунёда босма нашрлари ҳануз давлатга ёки бюджет ташкилотларига қараб қолган мамлакатлар бармоқ билан саноқли қолган. Энди бизнинг нашрларимиз ҳам ҳақиқатга тик қарайдиган, дўппини ечиб олиб, ўзларининг бир неча минглик ададлари орасида нечтаси «ихтиёрий» дея силлиқланаётганини ҳисоблаб кўрадиган пайт аллақачон келган.

Таъкидлаганларидай газета маънавият бўлса, усиз ахборот етказиш оқсаб қолса, марҳамат – бундан манфаатдор муассислар ёки ўзлари ташаббус кўрсатиб ўқувчига бепул етказиб берсинлар. Борди-ю муштарий ўзи сотиб олмаяптими, обуна бўлмаяптими, тўғри тарғибот ўрнига ҳийла йўли билан тиқиштиришга ҳожат йўқ. Қоғоз ва меҳнат исроф бўлгани қолади, холос.

P.S.: Ҳамкасбларимиз бу гапларни «Газетага отилаётган тош» дея қабул қилишмасин. Агар нашрларини газетхон ёқтириб ўқиётган бўлса, жуда яхши. Чунки ОАВ орасида босма нашрларнинг ўз ўрни, мактаби бор. Гап фақат мажбурий обунага чек қўйиш ва турли номлар билан хаспўшламаслик ҳақида.

Мақолани ўқиган масъул вазирликлар эса дарҳол «Бундай бўлиши мумкин эмас, обуна ихтиёрий. Аниқ ҳолат бўлса кўрсатинг, чора кўрамиз», дея бонг уришга шошилишмасин. Мана, йил охири, юқорида санаб ўтилган омиллар бўйича бюджет ташкилотлари ҳисоботини текшириб кўринг, ҳаммаси аён бўлади-қолади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид