Ўзбекистон | 18:18 / 29.08.2025
9645
2 дақиқада ўқилади

Мажбурий меҳнатга буюрган директор ҳам, унга чиққан ўқитувчи ҳам ишдан олиниши керак — Турдимов

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва мажбурий обуна масалаларига кескин муносабат билдирди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мажбурий меҳнатга буюрган мактаб директорлари ва мажбурий меҳнатга чиққан ўқитувчилар ишдан олиниши кераклигини айтди. Бу ҳақда у 27 август куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган Устозлар миллий форуми доирасида гапирди.

Турдимов нутқи давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва мажбурий обуна масалаларига тўхталди.

«Бирорта мактабда мажбурий меҳнат бўлса, автоматик тарзда директори ишдан олиниши керак. Шунингдек, мажбурий меҳнатга чиққан одамни ҳам ишдан олиш керак. Чунки уни мажбурлаб ишга чиқарган бўлса... «чиқ» деса, чиқиб кетаверса, у қанақа ўқитувчи бўлади?!», деб қўшимча қилди Турдимов.

Шунингдек, вилоят раҳбари мажбурий обуна масаласига ҳам тўхталиб, бунга йўл қўйган мактаб директори ишдан кетишини айтди.

«Обуна бўлсангиз, ўзингиз бўлинг… битта газетага, ана тўрт-беш ўринбосарингиз, завхозингиз обуна бўлсин. Ўқитувчига тегманг. Бундан ташқари, обуна учун мактабларга молия томонидан пул ажратилган, 4 миллиард сўмдан ортиқ», деди ҳоким.

Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари синфхоналарни таъмирлаётгани акс этган видеолар тарқалди. Шундан сўнг, мактаб директори ишдан олинди ва 41 млн сўм жаримага тортилди.

Кейинроқ, Самарқанд вилояти 24-умумтаълим мактабида ўқитувчилар таъмирлашга жалб этилгани, ҳаёт учун хавфли баландликда ишлаётгани ҳақидаги фотосуратлар тарқалди.

15 августдан бошлаб, республика бўйича мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида «Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги» эълон қилинди. Меҳнат инспекцияси ҳафталик якунларини ҳали эълон қилмади.

Шу билан бирга, Kun.uz ўқитувчиларнинг тинимсиз мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани, деярли барча вилоятларда янги ўқув йили бошланишидан аввал устозлар ҳокимиятларнинг текин мардикорига айлангани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид