23:02 / 01.12.2022
10010

Шолц Бундесверда ўқ-дори танқислиги юзага келганини тан олди 

Германия армияси бўшлиқни тўлдириш учун ўқ-дориларни мудофаа саноатидан сотиб олиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирган. 

Фото: DPA

Германия канцлери Олаф Шолц НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан қўшма матбуот анжуманида Бундесвер (Германия армияси) оғир аҳволдалигини, чунки ўқ-дорилар тақчиллигини бошдан кечираётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча ўн йилликда Германия Мудофаа вазирлиги ўқ-дорилар билан таъминлаш соҳасида «нотўғри йўл тутган». 

«Бу нафақат Украинадаги уруш туфайли, балки ўз рақамларимизга ҳам эътибор қаратмаганимиз учун юз берди. Армияда доимий таъминотни шакллантириш қанчалик муҳимлигини ҳозир жуда яхши тушуниб турибмиз», деди канцлер. 

Шунингдек, Шолц мамлакат мудофаа вазирлиги раҳбари Кристина Ламбрехт бу муаммони бартараф этишдан жуда манфаатдор эканини таъкидлади. 

Аввалроқ, Германия вазирлар маҳкамаси матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайт Германия қуролли кучларида етарлича ўқ-дорилар йўқлиги ва шу сабабли расмийлар уларни мудофаа саноатидан сотиб олиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирганини маълум қилганди. 

Бундестаг (Германия парламенти) мудофаа бўйича комиссари Ева Ҳёгл Германия ўз қуролли кучларини тўлиқ таъминлаш учун 20 миллиард евролик ўқ-дорилар сотиб олиши кераклигини маълум қилди. Шунингдек, у ҳарбий хизматчилар ҳар доим ҳам зарур кийим-кечак билан таъминланмаганини таъкидлади. Бундан ташқари, ҳозирда Германия қуролли кучларида 20 мингта бўш иш ўринлари мавжуд. Умумий ҳисобда 182 минг киши хизмат қилмоқда, бироқ айни пайтда шахсий таркибнинг максимал 60 фоизи касаллик, таътил ва амалиёт ўташи сабабли айрим ҳарбий қисмларга жалб қилинган. 

 

Top