18:02 / 05.12.2022
12544

ИИВ 2021 йил февралда қабул қилинган президент қарори нега жамоатчиликка очиқланмаётганига изоҳ берди

Таъкидланишича, қарорда фақат ички ишлар органлари учун тегишли айрим ёпиқ маълумотлар бўлгани сабабли эълон қилинмаган.

2021 йилнинг февраль ойида ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид 118-сонли президент қарори имзоланган. Лекин бу қарор ҳанузгача очиқ манбаларда учрамайди. ИИВ мулозими Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ҳужжат нима учун очиқланмаётганига изоҳ берди.

“Ҳақиқатан ҳам 118-сонли қарор бизда мавжуд. Унга кўра:

  • ходим вафот этганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари;
  • оғир тан жароҳати олганларга 50 баравари;
  • ўртача оғир тан жароҳати олганларга 20 баробари миқдорида компенсациялар тўлаб келинади.

Бугунги кунга қадар вафот этган, хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳатланган ходимларнинг ҳаммасига ушбу тўловлар тўлаб берилган. Қарорнинг жамоатчилик учун очиқ эмаслиги борасида  Адлия вазирлиги билан маслаҳатлашган ҳолда маълумот берамиз”, дейди ИИВ департамент бошлиғи ўринбосари Ҳамза Муҳсинов.

ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, полковник Умид Нуриллаевга кўра, ошкор этилиши мумкин бўлмаган маълумотлар бўлгани учун ҳужжат очиқ манбаларга жойлаштирилмаган.

“Қарорда ошкор этилиши мумкин бўлмаган бошқа маълумотлар бўлмагани учун у ёпиқ ҳолда қабул қилинган. Унда фақат ички ишлар органлари учун тегишли айрим ёпиқ маълумотлар бўлгани сабабли ҳужжат эълон қилинмаган”, дейди Умид Нуриллаев.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойида қабул қилинган 118-сонли президент қарори билан ички ишлар ходимларига бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Юқорида ИИВ мулозими хизмат жараёнида жароҳат олган ёки вафот этган ходимларнинг оиласига бериладиган моддий ёрдам миқдори ҳақида маълумот бериш билангина чекланди. Аслида 20 йил ва ундан кўп ишлаган ходимларга, хизматдан бўшатилгандан бошлаб 36 ой давомида собиқ ходим (пенсионер)нинг ички ишлар органларидаги хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳаёти ва соғлигига зарар етказилган тақдирда бир марталик компенсация тўлаш белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда иш стажи 10 йилдан кўп бўлган ходимларга машина сотиб олиш учун БҲМнинг 300 баробари миқдорида қарз бериш, ходимларнинг фарзандларига давлат гранти асосида ОТМга ўқишга кириш учун умумий қабул кўрсаткичларидан ташқари 5 фоизли квота ажратиш, ходимларнинг ота-оналарига ҳам ИИВ тизимидаги даволаш муассасалари хизматидан фойдаланишга рухсат бериш, 20 йилдан кўп хизмат қилган, аммо уй-жой билан таъминланмаган юқори малакали ходимларга бепул уй бериш кўзда тутилган.

Аввалроқ, 2022 йилнинг 10 ойида ички ишлар ходимлари 344 марта қаршиликка учрагани, бунинг оқибатида 25 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Шу йилнинг 30 ноябрь куни Олмазорда профилактика инспектори хизмат вазифасини бажараётган вақтда ўлдириб кетилганди.

Воқеа жойидан қочиб кетган, муқаддам бир неча марта судланган 30 яшар қотил шу куннинг ўзида қўлга олиниб, прокуратура органларига топширилган.

Маълум бўлишича, оилавий можаро туфайли Ғалаба маҳалласига чақирилган профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротов машинада ўтирган вақтда аёлнинг эри унга 2 марта пичоқ уради, олган жароҳатлари натижасида ходим ҳалок бўлган.

Top