Жаҳон | 08:32 / 05.12.2022
7581
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина халқини оғир қишда бирдамликка чақирди

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат халқига навбатдаги кунлик видеомурожаат билан чиқиш қилди.

Фото: Alessio Mamo

Сиёсатчи Россия совуқ ва қийинчиликни «террорининг бир қисми» қилиб, Украинага қарши қишнинг хусусиятларидан фойдаланиши ва украиналиклар яқин ойларда бунга қарши туриш учун янада кўпроқ бирдамлик кўрсатиши кераклигини айтди.

Володимир Зеленский фуқароларни бир-бирига ёрдам беришга, низо ва жанжаллардан қочишга чақирди. 

Шу билан бирга, у қишни «имтиҳон сифатида эмас, балки вақт – бизни асосий нарса – ғалабага яқинлаштирадиган жиҳат» сифатида қабул қилишни маслаҳат берди. 

Бутун Украина ягона «Бузилмас нуқта»га айланиши керак, дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Аввалроқ, 2 декабрь куни кечқурун Херсон яна Россия қўшинлари томонидан ракета ҳужумига учраганди. 

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Ярослав Янушевичнинг Telegram-каналига кўра, зарбалар пайтида электр тармоқлари шикастланган, шаҳар яна электр таъминотисиз қолган.

Бундан олдин Украинада 6 миллионга яқин абонент электр энергиясиз қолаётгани айтилганди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди. 

Унинг тақдим этган маълумотларида ёзилишича, Украина ҳудудида электр таъминоти билан боғлиқ энг қийин вазият еттита минтақада кузатиляпти. 

Мавзуга оид