Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ: Украинадаги урушда 6702 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Украинадаги уруш пайтида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўйича янги статистик маълумотларни эълон қилди.
24 февралдан 4 декабргача, бошқарма маълумотларига кўра, 6702 нафар тинч аҳоли вакили (424 нафар бола) ҳалок бўлган. 10 479 киши (775 бола) жароҳатланган.
Аввалроқ Украинада 40 мингта уруш жинояти қайд этилгани хабар қилинганди.
Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери, мамлакат Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 40 мингта ҳарбий жиноят қайд этилган.
Украина адлия вазири Денис Малюска Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида айтишича, вазифа иккита аниқ жиноят бўйича жиноий жавобгарликка тортишдан иборат: «халқаро ҳуқуққа зид бўлган босқинчилик ҳаракати ва геноцид акти».
«Бошқа давлатга ҳужум асоссиз содир этилган бўлса ва ҳужумга учраган давлат очиқ қаршилик кўрсатса, бу - жиноий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Бунинг учун далиллар тўплаяпмиз», - деди Малюска.
Бундан олдин Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Россиянинг Украинадаги тажовузини текшириш учун БМТ томонидан қўллаб-қувватланган махсус суд тузишни таклиф қилганди.