Жаҳон | 09:34 / 07.12.2022
6662
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг компанияси солиқ органларини алдаганликда айбдор деб топилди

АҚШ собиқ президенти Трампнинг компанияси - The Trump Organization LLC 1,6 миллион долларгача жаримага тортилиши мумкин, ҳукм 13 январь куни чиқарилади.

Фото: AP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг кўчмас мулк компанияси бўлган The Trump Organization LLC 15 йил давомида солиқ органларини алдаш бўйича жиноий схемани қўллаб-қувватлаганликда айбдор деб топилди. 6 декабрь, сешанба куни Нью-Йорк штати судида раислик қилган судья Хуан Мерчан ҳукм чиқариш санасини 13 январга белгилади.

Компания барча моддалар, жумладан, жиноий тил бириктириш ва бизнес ҳужжатларини сохталаштиришда айбдор деб топилди. Трампнинг ўзига бу иш бўйича айблов қўйилмаган.

Тергов маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб меҳмонхоналар, гольф майдонлари ва бошқа кўчмас мулкларни бошқарадиган The Trump Organization LLC топ-менежерлар, жумладан собиқ молия директори Аллен Вайсселбергнинг шахсий харажатларини тўлаш ва уларга мустақил пудратчи сифатида мукофот чекларини бериш билан шуғулланган, деб ёзади Reuters.

Компания 1,6 миллион долларгача (1,5 миллион евро) жаримага тортилиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, жарима бундай ҳажмдаги компания учун ортиқча юк бўлмаслиги керак бўлса-да, айблов ҳукми унинг бизнес юритиш қобилиятини мураккаблаштириши мумкин. Бундан ташқари, у 2014 йилда АҚШ президентлиги учун яна ўз номзодини қўйишни режалаштираётган Трампга ҳуқуқий босимни кучайтиради.

Август ойида Федерал қидирув бюроси Доналд Трампнинг Флоридадаги уйида тинтув ўтказди. Агентлар Трамп Оқ уйдан олиб чиқиб кетган бўлиши мумкин бўлган махфий ҳужжатларни қидирди, кейинроқ The Washington Post газетаси тинтув натижасида хорижий давлатлардан бирининг мудофаа стратегияси ва унинг ядровий салоҳиятини тавсифловчи ҳужжат аниқлангани ҳақида хабар берди.

Trump Organization'га оид суриштирув Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн 2019 йилда АҚШ Конгрессида корпорация ўз активларини суғурта компаниялари учун ҳаддан ташқари ошириб юбораётгани ҳақида кўрсатма берганидан кейин бошланган. Бу собиқ президентга асосий активини янада қулай шартларда кредитлаш ва шу билан бирга, кўчмас мулк солиғини тўлашда имтиёзлар олиш имконини берган.

Манхэттен прокуратураси, шунингдек, Коэннинг икки нафар аёлга Трамп билан алоқалари ҳақида ҳеч кимга гапирмаслик учун амалга оширган тўловлари билан ҳам қизиқиб қолди. Иккала аёл ҳам Трамп билан алоқалари борлигини даъво қилишди, у буни рад этди.

Нью-Йорк штати Бош прокуратураси жиноий иш очди. Трампнинг ўзи аввалроқ унга қарши ишлар сиёсий сабабларга кўра очилганлигини айтган эди.

Мавзуга оид