Ўзбекистон | 16:58 / 08.12.2022
13672
4 дақиқада ўқилади

“Ҳозирги кунда газ экспортимиз 100 фоиз тўхтатилган” — Беҳзод Норматов

“Ўзтрансгаз” раисининг айтишича, хорижий компаниялар авваллари Ўзбекистонда қазиб олган газининг 100 фоизини чет элга олиб чиқиб кетган, ҳозир эса бу кўрсаткич 15-20 фоизга тушган. Талаб юқори бўлган ҳозиргидек вақтларда эса экспорт тўлиқ тўхтатилиб, давлат бу мажбуриятини ёз, баҳор ва кузнинг бошланишида бажаряпти, дея тушунтирди у.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон шу кунларда газ экспортини тўлиқ тўхтатган. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” раиси Беҳзод Норматов “Sevimli” телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

“4 йил олдинги рақамлар билан бу йилги экспорт ҳажмини солиштирадиган бўлсак, [бу йилги экспорт] камида 3 баравар кам. Чунки кўп электростанциялар қурилди, иқтисодиётимиз ривожланяпти, кўпроқ газ ишлатадиган қувватлар пайдо бўляпти, аҳоли сони ўсяпти, янги уйлар қуриляпти. Шуларни инобатга олиб ҳар йили бизга (“Ўзтрансгаз”га – таҳр.) аҳолига етказиб бериладиган газ ҳажми режа сифатида 7-10 фоизга кўпайтириб берилади, биз шунга қараб экспорт-импортни режалаштирамиз.

Ҳозирги кунда совиб кетгани, асосий мақсадимиз – аҳоли хонадонларига етказиб бериш эканини инобатга олиб, ҳамма экспортларимиз, ўша ҳамманинг оғзида бўлган, Хитойга қилинаётган экспорт 100 фоиз тўхтатилган. Бўшаган ҳажмлар аҳолига йўналтирилган”, – деди Норматов.

У Ўзбекистон айни пайтда газ импорт қилаётганини айтди: “Олдинги йил қишда ҳам импорт қилганмиз. Аҳолига етказиб бераётган кўрсаткичларимиз олдинги йил билан бу йилни солиштирсак, бир хил даражада кетяпти”.

“Ўзтрансгаз” раиси аҳолига газ етказиш кўрсаткичи пасаймаётган бўлса-да, бу йил вилоят марказлари ва ҳатто Тошкентнинг қатор туманларида газ босими пастлигини талаб ўсаётгани билан изоҳлади.

“Республика бўйича истеъмол ошган, лекин ресурс ошмаган. Янги ишлаб чиқариш қувватлари қўшиляпти, янги хонадонлар қуриляпти, кўп қаватли бинолар... Лекин етказиб берувчи тармоқлар ўша эскилигича қоляпти”, – деди у.

Беҳзод Норматов журналистнинг саволига жавобан Ўзбекистон ҳозир газ экспорт қилмаётганини яна бир марта тасдиқлаб, вазият барқарорлашмагунга қадар экспорт тикланмаслигини билдирди. “Керак бўлса, қиш тугагунча [четга газ сотмаймиз]”, деди у.

Ўзбекистоннинг газ экспорт қилиш бўйича қандайдир мажбуриятлари борми? “Ўзтрансгаз” раҳбари бу саволга жавобан мажбуриятлар борлиги, бу газ қазиб олувчи хориж компаниялари билан келишувларда кўзда тутилганини айтди.

“Ўзбекистонга инвестиция қилган чет эл корхоналари бор. Давлатимиз улар билан келишувга эришиб, лойиҳанинг иқтисодий кўрсаткичларини бажариш мақсадида маълум бир мажбуриятларни ўз бўйнига олган. Уларни бажариш учун биз қазиб чиқарилаётган жами ҳажмнинг бир қисмини экспортга қўйиб берамиз.

Боя айтганимдек, 4 йил олдинга солиштирадиган бўлсак, экспортимиз 3-4 баробарга камайган, чунки ички истеъмол ошиб боряпти. Улар билан гаплашилади. Олдинлари улар қазиб чиқараётган гази 100 фоиз чет элга чиқиб кетган бўлса, ҳозирги пайтда бу газнинг 15-20 фоизигина йил давомида экспорт қилиняпти. Экспортни асосан ёз, баҳор ва кузнинг бошланишида қиламиз, яъни электр энергия ва газ истеъмоли камроқ бўлган пайтда қилиб берамиз”, – дея тушунтирди Беҳзод Норматов.

Норматов газ шохобчалари фаолиятига чекловлар қачонгача давом этиши ҳақидаги саволга жавобан, бу ҳаво ҳароратининг кўтарилишига боғлиқлигини айтди.

Мавзуга оид