Жамият | 13:00 / 11.12.2022
16714
6 дақиқада ўқилади

Давлат мадҳиясининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

10 декабр куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланди.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази Ахборот хизмати

Миллий озодликни қўлга киритган, миллий тараққиётнинг тарихий босқичига қадам қўйган ҳар бир халқ Ватанининг шонли тарихи, бугуни ва келажаги, орзу-интилишларини мужассам этган давлат рамзларини қабул қилади. Бу рамзлар давлат суверенитетининг ўзига хос шаҳодатномасидир.

1992 йил 10 декабрь куни Олий Кенгашнинг Ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Давлат Мадҳиясида 130 йил давомида эрк ва ҳуқуқлари поймол этилиб, камситиш ва таҳқирлашлар ичра яшаб келган халқнинг истиқлоли, орзу-умидлари, улуғ мақсадлари ўз тажассумини топди. Диёримиздаги барқарор янгиланишлар боис давлат рамзлари қабул қилинган кунларни йил сайин янада юксак фахр-у ифтихор билан байрам қилиш анъанага айланди.

Мамлакатимиздаги улкан ижобий ўзгаришларни асос қилиб айтиш мумкинки, бугун она Ватанимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янгиланишлар туфайли нафақат иқтисодий юксалишлар, маънавий тараққиёт сари ҳам қадам ташланди. Миллат чин маънода ўзлигига қайтиб, ўзлигидан куч олмоқда.  

Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

 

Байрам тадбирида сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон композиторлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган куннинг 30 йиллиги билан барчани муборакбод этди. Мадҳиянинг давлатчиликдаги ўрни, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповлар томонидан мадҳиямизнинг яратилиши билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди.    

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти раҳбари Собир Шукуров, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

 

Буюк Ватаннинг азиз ва бетакрор тимсоллари, рамзлари ҳар бир давлат, унинг келажак авлодлари учун озодлик ва миллий ғурур тимсоли, бой маънавий обидадир. Мадҳия – миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир. Шунинг учун ҳам тараққий топган дунё халқлари ўз давлатининг мадҳиясини нафақат тантанали ва мунаввар кунларида, ҳатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайдилар. У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.

Шодиёна аслида эрта тонгданоқ бошланган эди. Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Тошкент шаҳри кўчалари бўйлаб “Ватанпарвар автокарвони” ташкил этилди.

Давлат мадҳиямиз қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган тадбирда мамлакатимиз санъат усталари, ёш хонандалар иштирокида бадиий дастур намойиш этилди. Маънавий-маърифий соҳаларда фаоллик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таъсис этилган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, тадбирда “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” мавзусида давлат мадҳиясини жамоавий жўр бўлиб куйлаш, “Рангларда акс этган Ватан мадҳи” мавзуларидаги танловлар, “Ватан мадҳи янграр дилимда” онлайн интеллектуал беллашуви ғолиблари ҳам тақдирландилар.

Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ватандошларимизга эрта тонгдан мобиль алоқа тизимлари орқали SMS табриклар юборилди.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз, дипломатик ваколатхоналаримизда ҳам давлат мадҳияси қабул қилинган кунга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. Хорижий мамлакатлардаги ватандошларимиз, талаба-ёшларимиз ижтимоий тармоқлар орқали халқимизга видеотабриклар йўлладилар.

10 декабрь – бу кун улуғ кун, ўзини шу муқаддас юрт фарзандиман, уни меҳрибон онамдай, отамдай севиб ардоқлайман, асрайман, деган ҳар бир ўзбек, Ўзбекистон фуқаросининг байрамидир.  

Ўзбекистон давлат мадҳияси барчамизнинг, янги Ўзбекистонни бунёд этаётган яратувчи халқимизнинг қўшиғидир! Бу – ўзи қаерда бўлмасин, жон ришталари билан шу муқаддас заминга боғланган дунёдаги 50 миллиондан ортиқ ватандошларимизнинг қўшиғидир.

Асрлар оша шарафли ҳаёт йўлини босиб келаётган эрксевар, эркпарвар халқимизнинг мангу озодлик ва ободлик қасидаси, тинчлик қўшиғи олам узра жаранг сочаверсин!

Республика Маънавият ва маърифат маркази Матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид