Жаҳон | 19:59 / 08.02.2025
2595
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда янги давлат мадҳияси учун танлов эълон қилинди

Танловда бастакорлар, мусиқачилар, шоирлар, ёзувчи гуруҳлар ва ижодий уюшмалар иштирок этиши мумкин. Ғолиблар пул мукофоти билан тақдирланади.

Қирғизистонда давлат мадҳиясининг янги матни ва мусиқаси учун танлов эълон қилинди, деб хабар беради Kabar агентлиги.

Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги маълумотларига кўра, танлов Қирғизистон халқининг тарихий мероси, маданий анъаналари ва миллий бирлигини акс эттирувчи юксак бадиий мусиқий асар яратиш мақсадида ўтказилмоқда.

Танловда бастакорлар, мусиқачилар, шоирлар, ёзувчи гуруҳлар ва ижодий уюшмалар иштирок этиши мумкин.

Лойиҳалар ватанпарварлик, тантаналилик ва адабий меъёрларга мувофиқлик бўйича баҳоланади. Танлов ғолибини Жогорку Кенеш депутатлари, ёзувчилар, бастакорлар ва маданий арбоблардан иборат комиссия аниқлайди. Агар муносиб вариант топилмаса, танлов бекор қилиниши мумкин.

Идоранинг қайд этишича, танловда нафақат янги, балки муаллифлик ҳуқуқларида риоя қилинган ҳолда олдин ижро этилган мусиқий асарлар билан ҳам иштирок этиш мумкин. Танлов ғолибларига пул мукофоти берилади.

Маълумот учун, Қирғизистоннинг давлат мадҳияси 1992 йил 18 декабрда мамлакат Олий Кенгашининг қарори билан тасдиқланган. Дастлаб у уч куплет ва нақоратдан иборат эди. Аммо Жогорку Кенешнинг 2012 йил 27 декабрдаги қарори билан иккинчи куплет чиқариб ташланган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон 2023 йил 22 декабрда давлат байроғини ҳам ўзгартирган эди. Ундаги қуёш нурларининг тўлқинсимон шакли тўғри чизиқли шаклга алмаштирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид