Жаҳон | 11:39 / 14.12.2022
10603
3 дақиқада ўқилади

Киев Эрон дронларининг янги ҳужуми ҳақида хабар берди

Киевда портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар тарқаляпти. 

«Пойтахтнинг Шевченко туманида портлашлар содир бўлди. Хизматлар йўлда. Батафсилроқ маълумот - кейинроқ», — деб ёзди Украина пойтахти мэри Виталий Кличко Telegram’да. 

Шунингдек, у Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари аллақачон Киев ва Киев вилояти осмонида Эроннинг 10 та учувчисиз учиш аппаратини уриб туширганини айтди. 

Ўз навбатида, Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Олексий Кулеба бошпана ва хавфсиз жойларда бўлишга чақирди, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари ҳақида ҳисобот берди.

Аввалроқ Россия қўшинлари Украина ҳудудига зарбалар бериш учун Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратларидан яна фаол фойдалана бошлади, деб хабар берганди Америка урушни ўрганиш институти (ISW). 

Унинг экспертлари Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг 10 декабрдаги хабарига таянган, унда Россия ҳарбийлари Херсон, Миколайив ва Одесса вилоятларида Shahed 136 ва Shahed 131 дронлари ёрдамида 15 та ҳужум уюштиргани айтилади. Одессада 10 декабрь куни Россиянинг энергетика объектларига ҳужумидан сўнг, муҳим инфратузилма объектларидан ташқари барча истеъмолчилар электр энергиясиз қолди.

Ўз навбатида, ISW қайд этишича, 7 декабрь куни Россия ҳарбийлари уч ҳафталик танаффусдан сўнг Украинадаги нишонларга зарба бериш учун Эрон УУАдан фойдаланишни қайта бошлаган. Бир неча кун олдин Американинг NBC News телеканали Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Россия ҳукумати Эрон дронларини қабул қилиб олиш эвазига Эронга «мисли кўрилмаган даражада» ҳарбий-техник ёрдам кўрсатаётгани ҳақида хабар берган эди.

ISW'нинг фикрича, Россия қўшинлари Эрондан учувчисиз учоқларнинг янги партиясини олган ёки яқин келажакда етказиб берилишини кутмоқда. Бундан ташқари, Россия қўшинлари уч ҳафта давомида учувчисиз учиш аппаратларини ишлатмаган, шу тариқа дронлар тўпланиб қолган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Эронда ишлаб чиқарилган дронларни қиш шароитида ишлатиш учун уларни модификация қилиш зарурлиги қайд этилган.

Мавзуга оид