Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина асирликдан 65 ҳарбий ва 4 жасадни қайтарди
Украина навбатдаги асирлар алмашинуви чоғида Қуролли кучларнинг 64 нафар ҳарбий хизматчиси, шунингдек, Украина томонида жанг қилган АҚШ фуқароси Мурекези Суедини қайтарди.
Украина президенти Володимир Зеленский девонхонаси раҳбари Андрей Ермакнинг хабар беришича, бундан ташқари тўрт нафар ҳалок бўлган ҳарбийнинг жасади қайтарилган.
Ермакнинг сўзларига кўра, озод этилган зобитлар, оддий аскар ва сержантлар Донецк ва Луганск йўналишларида жанг қилган, Бахмут ҳимоясида қатнашган.
Бундан олдин, ноябрь ойи бошида Россия ва Украина ўртасида навбатдаги ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтганди.
Алмашиш натижасида 107 нафар ҳарбий хизматчи Россияга қайтарилди, улар даволаниш учун Москвага юборилди.
Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак 107 га 107 формуласига мувофиқ асирлар алмашиш амалга оширилгани фактини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, Украинага олти нафар офицер ва 101 нафар оддий аскар ва сержант, жумладан, Мариуполдаги «Азовстал» заводининг 74 нафар ҳимоячиси қайтган.
17 октябр куни эса Украина ва Россия ўртасида янги кенг кўламли асирлар алмашинуви бўлиб ўтди, натижада 108 нафар аёл Украинага қайтганди.
Озод этилган аёллар орасида Россиянинг феврал ойи охиридаги босқинидан олдинроқ «халқ республикалари» деб аталувчи ҳудудларда асирликка тушган аёллар ҳам бор.