Жаҳон | 13:48 / 15.12.2022
9241
4 дақиқада ўқилади

Германия Украинага ёрдам учун ўқ-дорилар заводи қуришни бошлади

Швейцария икки марта Берлинга Украинага ўқ-дориларни реэкспорт қилишдан бош тортди, шундан сўнг Rheinmetall мудофаа концерни Германияда ўрта калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган завод қуришни бошлади. 

Фото: Bild

Берлин сўровига жавобан Швейцария Украинага ўқ-дориларни реэкспорт қилиш бўйича икки марта рад жавобини берганидан сўнг, Rheinmetall немис мудофаа концерни янги йирик ўқ-дорилар заводини қурмоқда. Ўрта калибрли ўқ-дориларни ишлаб чиқариш линиялари январь ойида тайёр бўлиши керак, мақсад Бундесверга ўқ-дориларни мустақил етказиб беришдир, дея хабар қилди dpa ахборот агентлиги 15 декабрь, пайшанба куни бу ҳақда қурол концернидан тасдиқлов олган ҳолда. 

Rheinmetall вакилининг сўзларига кўра, асосий эътибор Германиянинг ўқ-дорилар таъминотини тиклашга қаратилган бўлиб, у хориждаги ишлаб чиқариш корхоналаридан мустақил бўлади. Германияда 20-35 мм ўқ-дориларни ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди, деди у. 

Ишлаб чиқариш 2023 йил июнь ойида бошланади, июль ойида эса Rheinmetall Gepard ўзиюрар зенит қурилмалари учун ўқ-дориларнинг биринчи партиясини етказиб бера олади. Шу тариқа, агар федерал ҳукумат тегишли буйруқ юборса, Украина 300 мингтагача ўқ-дорилар олиши мумкин, деди концерн вакили. Янги завод айнан қаерда қурилаётгани очиқ айтилмаган. 

Ўз навбатида, Бундестаг мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман Германия мудофаа саноатининг тезкор ҳаракатларидан жуда мамнун эканлигини айтди. «Келажакда Германияда кўпроқ ўқ-дорилар ишлаб чиқарилади, бу бизга керак», деди у dpa нашрига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, «Германия НАТОдаги ҳамкорлар билан биргаликда ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда мустақил бўлиши ниҳоятда муҳим». Ноябрь ойида Штрак-Циммерман ўқ-дорилар етказиб беришдан бош тортган Швейцария позициясидан шошилинч хулоса чиқаришга чақирди. 

Dpa таъкидлашича, Германия яқин йилларда ўқ-дорилар, жумладан, ракеталар ва артиллерия ўқ-дорилари учун жами 20 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. 

Аввалроқ Швейцария расмийлари Берлинга Украинага ўқ-дориларни реэкспорт қилишини икки марта рад этган эди. Гап Украинага Gepard ЎЗУ учун Швейцарияда ишлаб чиқарилган снарядларни етказиб бериш ҳақида кетмоқда. Ёз бошида Германия Берндаги ҳукуматдан 12 400 дона шундай снарядларни Украинага реэкспорт қилиш учун рухсат сўраган, бироқ бу Швейцариянинг бетарафлиги сабаб рад этилган. 

Кузда Германия Мудофаа вазирлиги Бернга янги сўров юбориб, ғалла экспорти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Украинадаги инфратузилма ва денгиз портларини ҳимоя қилиш зарурлигига ишора қилди. Бунга жавобан Швейцария расмийлари бетарафлик сиёсати сўровни қондиришга имкон бермаганини яна бир бор таъкидлади. Берннинг тушунтиришича, Швейцария қонунлари қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатларга қурол экспорт қилишни тақиқлайди. 

Gepard ЎЗУ Германия Украинага топширишни ваъда қилган оғир қуролларнинг биринчи тури бўлди. Сентябрь ойининг охирига келиб, Украинага ваъда қилинган барча 30 та зенит қурилмалари Киевга етказилди, муаммолар бошиданоқ Gepard ўқ-дорилари билан боғлиқ эди. Дастлаб, Украинага 60 минг снаряд топширилди, аммо Украина қўшинлари ўқ-дориларни сарфлашининг юқори тезлиги ҳисобга олинса, бу етарли эмас. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид