Жаҳон | 17:27 / 15.12.2022
10196
2 дақиқада ўқилади

Киев: Украинада 447 нафар бола ҳалок бўлди

Фото: Getty Images

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери 447 нафар бола ҳалок бўлди - бундай маълумотлар Украина Бош прокуратураси офиси (БПО) томонидан ювенал прокурорларнинг расмий маълумотларига таянган ҳолда тақдим этилган

Уларнинг маълумотларига кўра, Россия тажовузи натижасида 856 нафардан ортиқ украиналик болалар турли оғирлик даражасидаги тан жароҳати олган. Умуман олганда, камида 1303 нафар бола жабр кўрган.

Украина Бош прокуратураси офиси сўнгги ҳолатлар сифатида 14 декабрь куни Херсонда 8 ёшли боланинг ҳалок бўлиши, шунингдек, Миколайив вилояти Баштанский тумани, Новопетровка қишлоғида 16 ва 14 ёшли уч опа-сингилнинг ўққа тутиш натижасида ҳаётдан кўз юмиши воқеаларини келтирган.

Болаларнинг аксарияти Донецк (426), Харкив (267) ва Киев (117) вилоятларида жабрланган. 

Бундан олдин БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Украинадаги уруш пайтида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўйича янги статистик маълумотларни эълон қилганди. 

24 февралдан 4 декабргача, бошқарма маълумотларига кўра, 6702 нафар тинч аҳоли вакили (424 нафар бола) ҳалок бўлган. 10 479 киши (775 бола) жароҳатланган.

Аввалроқ Украинада 40 мингта уруш жинояти қайд этилгани хабар қилинганди.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери, мамлакат Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 40 мингта ҳарбий жиноят қайд этилган. 

Украина адлия вазири Денис Малюска Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида айтишича, вазифа иккита аниқ жиноят бўйича жиноий жавобгарликка тортишдан иборат: «халқаро ҳуқуққа зид бўлган босқинчилик ҳаракати ва геноцид акти». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид