Жаҳон | 11:36 / 15.12.2022
4930
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги нефт заводида йирик ёнғин юз берди, ҳалок бўлганлар бор

Россия Тергов қўмитасининг Иркутск вилояти бўйича бошқармаси «Роснефт» таркибига кирувчи Ангарск нефт-кимё компаниясидаги ёнғиндан кейин саноат хавфсизлиги талабларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. 

Фото: tvc.ru

Иркутск вилоятининг Ангарск шаҳридаги нефт заводида юз берган ёнғин натижасида икки киши ҳалок бўлди. Ангарск нефть-кимё компанияси (АНКК) технологик блокида ёнғин 15 декабрь, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 6:00 да (Тошкент вақти билан 03:00) содир бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 217-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган хавфли ишлаб чиқариш объектлари саноат хавфсизлиги талабларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Иркутск вилояти бўйича бошқармаси хабар берди.

Дастлаб 4 киши жабрлангани ҳақида хабар берилганди, кейинроқ Иркутск вилояти губернатори Игор Кобзев ёнғин оқибатида беш киши жабрланганини маълум қилди. «Жабрланганлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янгиланган маълумотлари. Бир нафари касалхонада, яна тўрт нафари амбулатор даволанишга жўнатилган. АНКК ҳудудида фавқулодда вазиятлар комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, яқин атрофда жойлашган уйлар кўздан кечирилди. Ҳеч қандай зарар ҳолати аниқланмади», — деб ёзди у Telegram’да. 

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Иркутск вилояти бўйича бош бошқармаси маълумотларига кўра, тўпланиб қолган газ ёнғинга олиб келган бўлиши мумкин. 2,5 минг квадрат метр майдондаги ёнғинни 100 дан ортиқ одам ва 25 дона техника ўчирган. Ҳозирги вақтга келиб у ўчирилди. АНКК Иркутск вилояти, Бурятия ва Байкалорти ўлкаси учун асосий ёнилғи етказиб берувчи ҳисобланади ва «Роснефт» таркибига киради. 

Сўнгги ҳафталарда Россияда бир қанча йирик ёнғинлар содир бўлди. 12 декабрь куни Москва яқинидаги Балашихада «Стройпарк» савдо маркази ёниб кетди. 9 декабрь куни Москвада «Мега Химки» савдо марказида катта ёнғин содир бўлди, натижада OBI гипермаркети ёниб кетди ва қўриқчи ҳалок бўлди. Москвада яна бир жиддий ёнғин ноябрь ойининг охирида Комсомолская майдони яқинида содир бўлди. Костромада ноябрь ойида тунги клубда содир бўлган ёнғинда 15 киши ҳалок бўлган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид