Жаҳон | 14:31 / 17.12.2022
14174
2 дақиқада ўқилади

Шольц Путин билан янги музокаралар ўтказилиши мумкинлигини тан олди

Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш учун Кремль билан гаплашиш керак, деб ҳисоблайди Германия канцлери. Олаф Шольц Россиянинг жанг майдонидаги муваффақиятсизликлари нуқтайи назаридан кескинлашув хавфи юқори эканлигини таъкидлади. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шольц Россия президенти Владимир Путин билан Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича кейинги музокаралар ўтказилиши мумкинлигини билдирди. Германия ҳукумати раҳбари 17 декабрь, шанба куни Süddeutsche Zeitung (SZ) газетасига берган интервьюсида: «Бизнинг мақсадимиз – Россия ўзининг босқинчилик урушини тўхтатиши, Украина эса ўз яхлитлигини ҳимоя қилишидир», деб маълум қилди. 

Бунинг учун «гаплашиб олиш керак», деб тушунтирди канцлер. «Бу телефон, видео-алоқа ёки узун столда содир бўладими, буни ҳали ўйлаб кўриш керак», дея қўшимча қилди Шольц. 

Москва «бундай давом эта олмаслигини тушуниши керак», деди Германия ҳукумати раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Путин «урушни тўхтатиши, қўшинларни олиб чиқиб кетиши ва шу тариқа ўзаро тушуниш учун имконият яратиши» керак. Шольц Россиянинг жанг майдонидаги муваффақиятсизликлари нуқтайи назаридан кескинлашувнинг «юқори» эҳтимолига ишора қилди. 

Бир неча кун аввал Германия канцлери Россия президенти Европа давлатлари тузилмаси ҳақидаги нотўғри тасаввурга эга бўлгани, Европа ва Ғарб бирлигини етарлича баҳоламаганини айтганди. Германия ҳукумати раҳбари Украинага кенг кўламли ёрдам, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатилишига ишора қилди. 

Декабр ойи бошида Шольц ва Путин сентябр ойининг ўрталаридан бери биринчи марта телефон орқали мулоқот қилишди. Канцлер вазиятга имкон қадар тезроқ дипломатик ечим топиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу билан бирга, Шольц Германияда бу ёки кейинги қишда газ инқирози юзага келишини кутмаяпти. Берлин ҳукумат томонидан аллақачон бошланган қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида ажратилган маблағлар «бу йил ва келгуси қишда юқори нархлар таъсирини юмшата олади» деб умид қиляпти. 

Мавзуга оид