17:17 / 18.12.2022
30476

Алишер Қодиров яна бир бор мигрантларни солиққа тортиш масаласини кўтарди

Қодиров кўтарган масалага жавобан иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ва бошқа бир қанча мамлакатлар билан иккиёқлама солиқ тўлашнинг олдини олиш бўйича шартномалари борлигини эслатди.

“Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров 16 декабр куни “Мафкуравий иммунитет ва миллий ғурурни қандай шакллантирамиз?” мавзусида партия ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатида яна бир бор мигрантларни солиққа тортиш масаласини кўтарди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Мигрантларнинг солиқ тўлаш масаласини кўтарганимизда мени, бизни жуда кўп танқид қилишди. Аслида Конституция бўйича ўйлаб қарасангиз, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси солиқ тўлашга мажбур. Бу – мажбурият. Лекин бу мажбуриятни ҳеч ким муҳокама қилишни ҳам хоҳламайди. Улар (мигрантлар) савдолашяпти ва айтяптики, мен ишни ўзим топдим, ўзим топганим учун ҳам солиқ тўламайман.

Яъни улар айтяптики, давлат менга кўрсатиши керак бўлган хизматни кўрсатмагани учун ҳам мен ўз мажбуриятимни бажармайман. Бу нима, давлатга эътирозми ёки ҳуқуқларини англамасликми? Ёки бошқа қандайдир эътирозми?

Мана шундай масалаларнинг орқа томонини ҳам ўйлаб кўрсангиз, улар бу ерда топиши мумкин бўлган шунча маблағни ўша ерга бориб, қанча қийинчилик, азоб ва яна қанча камситишлар билан топяпти. Чунки мана ҳозир битта мигрантимиз Россия Федерациясига уч томонлама даромад келтиряпти. Биринчидан, юз сўмлик ишни йигирма сўмга бажаряпти, ишлаш учун патентга пул тўлаяпти ҳамда кўрган даромадидан солиқ тўлаяпти.

 У ҳозир уч томондан даромад манбайига айланган. Аслида айрим давлатлар бизга мигрантлар билан таҳдид қилиши эмас, биз мигрантларни қайтариб олиш билан уларга таҳдид қилиш имкониятига эгамиз”, – деди Алишер Қодиров.

У шунингдек, давлат олдига мана шундай шартларни қўяётган мигрант муносабати табиий муносабатми ёки бу бошқача баҳоланиши керакми, дея иқтисодчи Абдулла Абдуқодировга савол билан юзланди.

Иқтисодчи эса партия етакчисининг саволи ва кўтарган масаласига жавобан халқаро шартномалар бўйича мигрантлар шусиз ҳам солиқ тўлаб келаётганини эслатди.

“Солиқ тўлаш масаласига келсак, Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ва бошқа бир қанча мамлакатлар билан иккиёқлама солиқ тўлашнинг олдини олиш бўйича шартномалари бор. Тўғридан тўғри даромад солиғи шу шартномага киради.

Яъни агар Ўзбекистон фуқаросининг даромад манбайи Россия ўлкаси бўлса ва у бу даромаддан Россияда солиқ тўлаётган бўлса, бу тўғридан тўғри солиқ бўлади ҳамда у Ўзбекистонда бу солиқни тўламайди. Ёки шунинг тескариси. Агар Россия фуқароси Ўзбекистонга келиб даромад олса ва бизда ундан даромад солиғи ушлаб қолинса, у Россияда солиқ тўламайди.

Демак, биз Россияда солиқ тўлаган фуқарони иккинчи марта солиққа тортишга ҳаққимиз йўқ. Чунки Россия билан қилинган бу шартномага 1993 йилда (1994 йил 2 мартда – таҳр.) қўл қўйилган. Бу каби шартномалар масалан, Буюк Британия, АҚШ каби юзлаб давлатлар билан имзоланган. Шунинг учун бу борада мигрантларнинг ҳуқуқий асоси бор”, – деди Абдулла Абдуқодиров.

Маълумот учун, 2021 йилда ўтган президентлик сайлови олдидан ўз тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бораётган Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар ватанига юборган маблағларни солиққа тортиш таклифини илгари сурган эди.

Унинг бу таклифи кенг жамоатчилик, хусусан, мигрантлар ва уларнинг яқинлари ўртасида кескин норозилик келтириб чиқарган.

Ўз ўрнида Kun.uz Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган «Даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишига йўл қўймаслик тўғрисида» битим имзоланганини эслатган.

Унга кўра, битимда Ўзбекистонда Ўзбекистон фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи, Россияда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи иккиёқлама қўлланишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Жумладан, битимнинг 23-моддасига кўра, аҳдлашаётган давлатлардан бирининг резиденти ушбу битим қоидаларига мувофиқ бошқа аҳдлашаётган давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса, у ҳолда бу даромадлар суммасидан биринчи эслатиб ўтилган давлатдаги даромад муносабати билан бундай шахсдан ундириладиган солиқ чегириб ташланиши мумкин.

Ваҳоланки, бундай чегириш ушбу биринчи давлатнинг солиқ қонунлари ва қоидаларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган даромад суммасидан ошмаслиги керак.

Top